“Реал” посбони сафга қайтди
Спорт
−
01 Декабрь 2023
3554Мадриднинг “Реал” клуби дарвозабони Кепа Арризабалага жамоа футболчилари билан машғулотларга қайтди. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” хабар берди.
Манбага кўра, Кепа 2 декабрь куни бўлиб ўтадиган “Гранада”га қарши Ла Лиганинг навбатдаги турида майдонга тушишга тайёр, бироқ ўша куни посбон захирада қолдирилиши эҳтимоли ҳам бор, чунки Арризабалага 5 ноябрдан бери майдонга тушмаяпти.
Сўнгги тўртта ўйинда украиналик Андрей Лунин майдонга тушди ва у иккита баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
“Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти дарвозабон Кепа Арризабалагани доимий равишда жамоада олиб қолиш истагини билдирмоқда. Ҳозирда Кепа “Реал”да бир йиллик ижара асосида ўйнамоқда. Мураббий Мадрид клуби раҳбариятини мазкур трансфер зарурлигига ишонтирмоқчи. Қайд этилишича, агар трансфер муваффақиятли амалга ошса, Кепа жамоанинг Тибо Куртуадан кейинги иккинчи дарвозабонига айланади, Андрей Лунин эса жамоани тарк этади.
Жорий мавсумда Кепа “Реал” сафида турли турнирларда 12 та ўйин ўтказиб, 9 та гол ўтказиб юборди. Футболчининг “Челси” билан шартномаси 2025 йилнинг июнигача амал қилади. Унинг “Transfermarkt” порталига кўра нархи 18 миллион еврони ташкил қилади.