“Реал”нинг Қозоғистондаги ўйини чипталари нархи маълум бўлди
Спорт
−
15 Сентябрь 22254
Қозоғистоннинг “Қайрат” футбол клуби UEFA Чемпионлар лигасининг умумий босқичидаги ўз майдонидаги ўйинларга чипта сотиш тартиби, нархи ва муддатларини эълон қилди. Бу ҳақда клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилди.
Хусусан, “Қайрат” – “Реал Мадрид” учрашувига чипталар жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 17:00 да сотувга чиқади. Унинг нархи 30 000 тенгедан (тахминан 690 минг сўм) бошланади. Энг қиммат чипаталар эса 250 минг тенге (тахминан 5 млн 730 минг сўм). Бир кишига 2 тадан ортиқ чипта сотилмайди. Шунингдек, чипта харид қилишда паспорт маълумотлари текширилади.
“Чипталар нархи UEFA билан келишилган ва Чемпионлар лигасининг умумий босқичидаги барча уй ўйинлари учун ягона ҳисобланади. Нарх сиёсати турнир мақоми ва ўйинларга юқори қизиқишни акс эттиради”, дейилади расмий хабарда.
Маълумот учун, “Қайрат”нинг “Реал Мадрид”га қарши ўйини жорий йилнинг 30 сентябрь куни бўлиб ўтади. Баҳс Олмаота шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Қайрат” жамоаси Европа Чемпионлар лигаси саралаш босқичининг ҳал қилувчи баҳсида Шотландиянинг “Селтик” клубини мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор турнирнинг гуруҳ босқичига йўлланма қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.