“Реал” 32 ёшли футболчиси билан ҳамкорликни узайтирмоқчи
Спорт
−
01 Март
2441“Реал Мадрид” кейинги мавсумда ҳам тажрибали ҳимоячи Лукас Васкесни жамоада қолдиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Marca” хабар берди.
Манбага кўра, клуб 32 ёшли футболчига 2025 йилнинг ёзига қадар янги шартнома таклиф қилади. Васкеснинг ўзи ҳам фаолиятини ҳозирги клубида давом эттиришдан манфаатдор.
“Реал” Васкес кўрсатаётган ўйиндан мамнун. Жамоа кейинги мавсумда Европа Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг формат ўзгариши туфайли кўпроқ ўйинлар ўтказади ва клуб Васкесдек футболчига муҳтож бўлади.
32 ёшли ҳимоячи 2015 йилдан бери “Реал Мадрид”нинг асосий жамоасида тўп сурмоқда. Бунгача у “Кастилья”да ўйнаган, “Эспаньол”да ҳам 1 мавсум ўтказган.
Умумий ҳисобда, Лукас Васкес “Реал” сафида 337 та ўйин ўтказиб, 34 та гол урди ва 61 та голли узатмани амалга оширди. Жорий мавсумда Лукас Ла Лиганинг 20 та учрашувида 1 та гол урган ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди.