Метапневмовирус хавфли вирус...ми?
Саломатлик
−
06 Январь
3770Қатор мамлакатларда метапневмовирус инфекцияси авж олмоқда. Хусусан, Хитой шифохоналари иситма, йўтал ва томоқ оғриғи билан оғриган болалар билан тўлиб кетган. Сўнгги кунларда бу касалликка чалинганлар сони ортиб бормоқда. Вирус тарқалиши муносабати билан Хитой шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистонда ҳам ушбу касаллик 30 кишида қайд этилган. Хўш, бу ахборотлар қанчалик асосли? Умуман, метапневмовирус ўзи қандай касаллик? Унинг белгилари нималарда намоён бўлади ва унинг даволаш жараёнлари қандай кечади?
QALAMPIR.UZ'нинг бу саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Икромов жавоб берди:
"Метапневовирус инфекцияси янги инфекция эмас, яъни айрим сайтларда берилаётгандек, янги ёки бошқа бир турдаги бугун пайдо бўлиб қолган вирус эмас. Бу вирус ХХ асрнинг 60-йилларида биринчи марта одамлар ўртасида тарқалаётгани рўйхатга олинган. У 2001 йилда нидерландиялик олимлар томонидан лаборатория усулида соф ҳолатда ажратиб олинган. Айнан метапневмовирус билан касалланиш ҳолатлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳар йили қайд этилади. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўтган йили лаборатория таҳлилларига кўра, 1,2 фоиз фуқарода метапневмовирус туфайли касаллик келиб чиққан.
Метапневмовирусни чақирадиган касаллик ва унинг белгиларига тўхталадиган бўлсак, айнан ўткир респиратор вирус инфекциялари сингари касаллик аломатлари кузатилади. Бунда асосан йўтал, аксириш, иситма ва кўп ҳолларда асорат бўладиган бўлса, бронхит касалликлари, бурун яллиғланиши ҳамда ўпка яллиғланиши, зотилжамга олиб келиши мумкин", деди Икромов.
Унинг айтишича, касалланиш кўпроқ иммун тизими заиф бўлган одамларда, ёндош касалликлари бор ёши катта фуқароларда ҳамда ўн тўрт ёшгача бўлган иммун тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган болаларда кўпроқ қайд этилиши кузатилади. Метапневмовирус бўйича Хитой ва Қозоғистондаги соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан баёнотларда келтирилган фактларга тўхталадиган бўлсак, унда келтирилган рақамлар барчаси асосли, лекин берилган баёнотни маълум қисмини олиб, уни коронавирусга нисбатан оғирроқ кечадиган вирус сифатида бўрттирилган маълумотлар билан бериш асоссиз.
“Метапневмовирус юқорида айтиб ўтганимдек, ўткир респиратор вирус инфекциялари туркумига кирди. Уларнинг юқиш йўли ҳам ҳаво-томчи ва ифлосланган юзалар билан алоқа қилиш оқибатида содир бўлади. Шу сабабли уларнинг тез фурсатда ва кенг тарқалиш имконияти юқорироқ. Бу ҳолатда кўплаб фуқаролар касалланиши ва даволаниши учун соғлиқни сақлаш тизимига юкламани ортиб келиши табиий. Метапневмовирусдан ҳимояланиш чоралари ҳам худди ўткир респиратор инфекциянинг олдини олиш чоралари билан ўхшаш. Демак, шахсий гигиенага, қўл гигиенасига қаттиқроқ эътибор қаратиш, ўзини касалланган деб ҳисоблаган беморларнинг ниқоб тартибига риоя қилиши ва алоҳида муомала тартиблари ва аҳоли гавжум жойларга ташрифни чеклаш тадбирлари муҳим ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу ерда аҳолининг ушбу тартибларга риоя қилишга чақириш мақсадида баёнотлар нотўғри талқин этилган”, деди мутахассис.
Қандай ҳолатларда корхоналар ва мактаблар карантинга ёпилади?
"Ўткир респиратор вируси инфекциялари, агар айнан қайсидир муассасада тизимли равишда ортиб бораётгани кузатиладиган бўлса, уларни маълум муддатга, битта синф ёки битта гуруҳ ёки битта жамоани масофадан туриб ўқитиш ёки масофадан туриб ишлаш тартибига ўтказиш мумкин бўлади. Лекин бугунги кундаги ҳолат бу нарсани талаб қилмайди, сабаби бизда эпидемиолог бўлса, яъни олдинги йилларга нисбатан қай даражада касалланиш сурати юқори ёки пастлигини таҳлил қилишдан иборат. Бу камида беш йиллик касалланишни солиштириш орқали амалга оширилади. Яъни демак суръат ҳали юқори эмас ва шу сабабли ҳам бундай ҳолларда карантин жорий этилиши мақсадга мувофиқ эмас, чунки карантин эълон қилинганда уни жорий этишга бўлган маълум талаблар бор ва бу талабларни амалга ошириш ўзини оқлаши керак. Яъни, касал бўлган бемор ўзини алоҳида сақлайди, яъни касал ўқувчи ёки касал ишчи иш жойига, ўқиш жойига, тарбияланиш жойига, муассасага бормаса, одам касалликни юқтиришдан ҳимояланган бўлади.
Иккинчи масала: ўзини бемор ҳис қилган фуқаролар даволаниши керак, бунга мажбур. Шу сабабли ҳам биз стационарларда ниқоб тартибини мажбурий қилиб белгилаганмиз, бошқа муассасаларда ихтиёрий. Яъни, соғлом одам агар ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлса, шу тартибда ниқоблардан фойдаланиши мумкин.
Учинчи тадбир: албатта, касалликка чалинган беморнинг даволаниши кимнингдир тавсияси орқали эмас, айнан ўша ҳудуддаги шифокорларнинг маслаҳати ва уларнинг назорати остида бўлиши керак", деди Икромов.
Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Бундай ҳолларда профилактика ва гигиена қоидаларига риоя қилиш тавсия этилади.
LiveБарчаси
07 Январь