Расман! Зидан Франция терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди

Спорт

image

Жаҳон ва Европа чемпиони, 1998 йилги “Олтин тўп” соҳиби Зинедин Зиданни расман Франция миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Франция футбол федерацияси матбуоти хабар берди.

Манбага кўра, 54 ёшли мутахассис билан 2030 йилги Жаҳон чемпионатига қадар мўлжалланган тўрт йиллик шартнома имзоланган.

Зидан 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин лавозимини тарк этган Дидье Дешам ўрнини эгаллади. Дешам 2012 йилдан буён Франция терма жамоасини бошқариб келди. Унинг қўл остида жамоа 2018 йилги Жаҳон чемпионати ва 2021 йилги UEFA Миллатлар лигасида ғолиб чиққан, шунингдек, Евро-2016 ҳамда 2022 йилги Жаҳон чемпионати финалигача етиб борган.

2026 йилги Жаҳон чемпионатида Франция ярим финалда Испанияга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Учинчи ўрин учун баҳсда эса Англияга 4:6 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тўртинчи ўринда якунлади.

Маълумот учун, Зидан 2021 йил май ойида “Реал Мадрид” бош мураббийлигини тарк этганидан бери бирор жойда ишламади. У мадридликлар жамоасини 2016–2018 ва 2019–2021 йилларда бошқарган. Унинг қўл остида “Реал Мадрид” уч марта UEFA Чемпионлар лигаси, икки марта Испания чемпионати, икки марта UEFA Суперкубоги, икки марта Испания Суперкубоги ҳамда икки марта FIFA Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг