Расман: Ўзбекистонда Рамазон ҳайити қачон нишонланиши эълон қилинди

Жамият

image

Ўзбекистонда 2025 йил 30 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун, 26 март куни қабул қилинган тегишли қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 30 март – якшанба кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатда 2025 йил 30 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

  • ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2025 йилда якшанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 31 март – душанба кунига кўчирилиши;
  • бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ҳайитини ўзбек халқининг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланган.

Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда ўзбекистонликлар учун Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратиши топширилган. 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган. 

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов зиммасига юкланган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ТожикистонҚирғизистон, Қозоғистон ва Саудия Арабистонида ҳам Ҳайит айёми 30 мартда нишонланиши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Рамазон ҳайити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг