Расман: Ўзбекистонда оналар ўлими кўпайди
Саломатлик
−
14 Ноябрь 2023
10952Ўзбекистонда оналар ўлими ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг уч чорагида қайд этилган ҳолатлар ўтган йилнинг мос давридагидан анча кўп. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тақдим этган ҳисоботида сўз борди.
Унинг билдиришича, 2023 йилнинг январь – сентябрь ойларида Ўзбекистонда оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга ошган.
Оналар ўлими бўйича рақамларнинг 2022 йилга нисбатан ўсиш ҳолатлари ҳудудлар кесимида қуйидагича:
• Қорақалпоғистон Республикасида – 13 фоиздан 24,7 фоизга;
• Андижон вилоятида – 7,9 фоиздан 13,6 фоизга;
• Сирдарё вилоятида – 11,6 фоиздан 45,6 фоизга;
• Тошкент шаҳрида – 11 фоиздан 15,7 фоизга;
• Самарқанд вилоятида – 7,3 фоиздан 12,9 фоизга ошган.
“Бу, албатта, бизнинг олдимизда турган жуда катта ташвиш, жуда катта камчилик. XXI асрда битта ҳам она ўлими бўлмаслиги керак. Бу бўйича биз жуда катта амалий ишларни бошлаб юборганмиз”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири.
Унинг депутатларга маълум қилишича, айни вақтда мамлакатда оналар ўлимини камайтириш мақсадида Беларусдан мутахассислар олиб келинмоқда.
“Ҳозирда Беларусдан “Она ва бола” марказидан акушер-гинеколог, болалар анестезиолог-реаниматологи, аёллар анестезиолог-реаниматологи олиб келдик, улар шу ҳафтадан фаолиятини бошлайди. Беларусь тажрибасида оналар ўлими нол, гўдаклар ўлими ҳам кескин камлиги учун айнан шу мамлакат билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва 2024 йилда оналар ўлимини кескин камайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик”, дейди Амрилло Иноятов.
Вазирга кўра, туғиш ёшидаги 7,7 миллион аёллар тиббий кўрикдан ўтказилиб, бугунги кунда уларнинг 3,4 миллионида экстрагенитал касалликлар аниқланган. Уларнинг 300 минг нафари стационар, 2,4 миллиони амбулатор шароитда даволанган.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 716 885 нафар чақалоқ туғилиши қайд этилган. 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 35 мингтага ёки 5,2 фоизга ошган.
Гўдаклар ўлими
Вазирнинг билдиришича, 2022 йилнинг 9 ойи давомида гўдаклар ўлими бўйича интенсив кўрсаткич 8,3 фоизга тенг бўлиб, 2023 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 7,8 фоизга камайган.
LiveБарчаси