Расман: Ўзбекистон ва Туркия халқаро қидирувдаги фуқароларни экстрадиция қилишни бошлайди
Жамият
−
11 Декабрь 2020
12398Эндиликда Туркия халқаро қидирувда бўлган шахсларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш мумкин. Икки давлат ўртасида ушбу банд назарда тутилган ҳужжат имзоланиб, кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Республикаси ўртасидаги сиёсий-иқтисодий, ҳарбий ва маданий алоқалар ривожланишнинг юқори босқичларида давом этмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг февраль ойида давлат ташриф билан Туркия давлатида бўлиши, ўз навбатида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалий ташриф билан келиши, икки мусулмон давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамланишига хизмат қилган.
Шундан сўнг, тамонларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳам бир неча бор ишчи учрашувлари ўтказиб, ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, биргаликда халқаро терроризм ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашишга келишиб олдилар.
Айни кунларда эса икки давлат ўртасида “Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида экстрадиция тўғрисидаги битим” имзоланиб, кучга кирди.
Мазкур битимга кўра, эндиликда томонлар ўз худудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни бир-бирларига ушлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига оладилар.
“Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирда махсус хизматлар ўртасида ишчан руҳдаги мулоқотлар давом этаётган бўлиб, келгусида Туркия худудида бўлган кўплаб халқаро қидирувдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакатимизга экстрадиция қилиш режалаштирилмоқда”, дейила Давлат хавфсизлик хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Туркия Республикасида бўлди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг президентликка киришганидан буён Туркияга амалга оширган учинчи ташрифи саналади.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди. Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот формати сифатида баҳоланган.
Яккама-якка учрашув ва стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишидан сўнг Прездентлар қўшма баёнотни имзоладилар.
Шунингдек, жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланди.
Минтақадаги замонавий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Ҳулуси Акар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан ҳам учрашув ўтказди. Музокаралардан сўнг икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.
LiveБарчаси