Расман: Умид Аҳмаджонов МОҚ президентлигидан четлатилди
Спорт
−
15 Май 2019
15317Олдинроқ, Ўзбекистон Милий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновнинг қўмита президентлиги лавозимидан озод этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Айни пайтда Умид Аҳмаджоновнинг расман истеъфога чиққанлигини QALAMPIR.UZ манбасига МОҚ Матбуот хизмати тасдиқлади.
Маълумот учун, Умид Аҳмаджоновнинг спорт соҳасидаги раҳбарлик лавозимларида 2007 йилдан эътиборан ишлай бошлаган. Шу йили, дастлаб Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоцияцияси Бош котиби ҳамда раиси ўринбосари лавозимига тайинланган.
Худди шу ташкилотдаги фаолияти билан ҳамоҳангликда яна Ўзбекистон Дзюдо Федерацияси раиси ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси вице-президенти лавозимларида ҳам иш олиб борган.
Айнан унинг Паралимпия Ассоцияциясидаги фаолияти натижасида Ўзбекистон паралимпия делегацияси 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Паралимпиада Ўйинларида тарихий натижаларини қайд этганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Ўзбекистон ушбу Паралимпиада Ўйинларида жаъми 31 та: 6та олтин, 8 та кумуш ҳамда 17 та бронза медалларини қўлга киритган эди.
Ушбу мувофаққиятдан сўнг, Умид Аҳмаджонов 2017 йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти этиб сайланди. Ўшанда у федерацияни 12 йил давомида бошқариб келган ва айниқса, фаолиятининг сўнгги йиллари спорт журналистлари, футбол мухлисларининг жиддий танқидлари остида кечган Мираброр Усмоновнинг ўрнини эгаллаганди.
Орадан кўп ўтмай 2018 йилда эса, Алишер Султоновнинг ўрнига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланди ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси президентлигидан кетди.
ЎФФ президентлигига Очилбой Раматов сайлангач, Умид Аҳмаджонов ЎФФнинг биринчи вицепрезиденти сифатида футболдаги фаолиятини ҳам давом эттириб келаётган эди.