Расман: Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга боради
Жамият
−
24 Январь 2023
8582Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, икки мамлакат етакчиларининг учрашувлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олган.
Шунингдек, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Таъкидланишича, саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари раҳбарлари саммитига ташрифи бекор қилинганди. Ушбу саммитда Россия Президенти Владимир Путин ҳам иштирок этганди. Бишкекка Мирзиёевнинг ўрнига Бош вазир Абдулла Арипов борган эди.
Аввалроқ, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси Президент Мирзиёев ташрифи муносабати билан икки давлат ишбилармонлар кенгаши йиғилишини ўтказишини маълум қилган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси