Расман: “Саидазиз медгородок” қамоққа олинди
3-саҳифа
−
02 Декабрь 2023
34371Аввалроқ, Тошкентда жиноий тўдалар, “кўча болалари”га қарши рейдлар бошлангани, унда “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу хабарни расман тасдиқлаб, Саидазиз Саидалиевга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари доирасида бир қатор жиноий ҳолатлар аниқланган.
“Тошкент шаҳрида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидагламович Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват бўлган бир нечта шахсларни ўз атрофига жалб қилиб, бир нечта жиноятларни содир этган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларни муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидандир.
Жиноят иши доирасида гумон қилинувчи Саидазиз Саидалиев ва бошқа бир нечта шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда”, дейилади хабарда.
ИИББ фуқаролардан Саидазиз Саидалиев ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлса, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-66, 71-206-49-46 ёки 102 рақамига ёхуд яқин орадаги ИИОга мурожаат қилишларини сўраган.
“Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади. Унутманг, қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар!” дейилади хабарда.
LiveБарчаси