Расман: Эрдўған президентликка номзод бўлди
Олам
−
22 Март 2023
3856Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 14 май куни бўлиб ўтадиган сайловларда президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш учун Олий сайлов комиссиясига расман ариза топширди. Кеча, 21 март куни Эрдўғаннинг “Адолат ва тараққиёт” партияси вакиллари уни рўйхатга олиш Олий сайлов кенгашига боргани маҳаллий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди.
Айни дамда 18 нафар сиёсатчи олий давлат лавозими учун кураш олиб бориш режаларини маълум қилган. Эрдўғаннинг асосий рақиби асосий мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси раиси Камол Қиличдорўғли бўлиши кутилмоқда.
Олий сайлов комиссиясига “Адолат ва тараққиёт” билан бирга ҳукмрон партия билан иттифоқчи Миллатчи Ҳаракат партияси вакиллари ҳам келди. Улар партиялар Эрдўғанни ягона номзод сифатида кўрсатишга қарор қилганини ва қонун талабига кўра барча керакли ҳужжатларни Олий сайлов комиссиясига тақдим этганини билдиришди.
Туркияда парламент сайловлари билан бир қаторда 14 май куни президентлик сайловлари ҳам бўлиб ўтади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун давлат раҳбари лавозимига номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаши керак. Акс ҳолда, иккинчи босқич бўлиб ўтади, унда биринчисида энг кўп қўллаб-қувватланган икки номзод иштирок этади. Аввалги президентлик сайловлари 2018 йил 24 июнь куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда Эрдўған 52,6% овоз тўплаб, ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 март куни Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар раҳбарлари номидан турк халқини сайловда Ражаб Тойиб Эрдўған номзодини қўллаб-қувватлашга чақирган эди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15