Расман: Болгария ва Руминия Шенген ҳудудига қўшилди
Олам
−
31 Март
8973Болгария ва Руминия бугун, 31 март кунидан бошлаб Шенген ҳудудига расман қўшилди. Бу ҳақда Еврокомиссия сайтида хабар берилди.
Эндиликда икки давлатдан бошқа Шенген мамлакатларига ҳаво ёки сув транспорти орқали кириш ва чиқишда чегара назорати бекор қилинади. Бироқ ерусти назорат пунктларида чегарани кесиб ўтишда паспорт назорати сақланиб қолади. София ва Бухарестнинг ноқонуний миграцияга қарши курашиш қобилиятидан жиддий хавотир билдирган Австрия бу масала бўйича ветосидан фойдаланган. Ҳар икки давлат чегара назоратини кучайтиришга ва ўз ҳудудларида бошпана сўровларини кўриб чиқишга ваъда берган.
Ҳар икки давлат ҳам эртага, 1 апрель куни ўзларининг Шенген визаларини беришни бошлайди. Улар қуруқликдаги чегара назоратини бекор қилиш тўғрисидаги қарор Европа Иттифоқи кенгаши томонидан 2024 йил охиригача қабул қилинишини тахмин қилмоқда.
“Болгария ва Руминия Шенген оиласига қўшилмоқда. Мен ички ҳаво ва денгиз чегараларида текширувлар бекор қилинишини олқишлайман. Бу ҳар икки давлат учун катта муваффақият. Ва бу дунёдаги энг катта эркин ҳаракатланиш зонаси бўлган Шенген ҳудуди учун тарихий лаҳзадир. Биз биргаликда барча фуқароларимиз учун янада кучлироқ, бирлашган Европани қурмоқдамиз”, дейди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Маълумот учун, Болгария ва Руминия 2007 йилда Европа Иттифоқига қўшилган, 2011 йилда эса Европа Комиссияси мазкур икки давлат Шенгенга қўшилиш учун техник жиҳатдан тайёр деган хулосага келган. Аммо 2023 йил декабригача ҳеч қандай сиёсий қарор қабул қилинмади. Европа Иттифоқи Кенгаши 2023 йил 31 декабрда Болгария ва Руминияни Шенген ҳудудига қабул қилишга бир овоздан қарор қилди. Австрия ва Нидерландия 2022 йилда ноқонуний муҳожирлар оқимидан қўрқиб, бунга қарши чиққанди. Амстердам Болгарияда "қонун устуворлигининг ҳал қилинмаган муаммолари" борлигини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь