Расман: БМТ Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам юборади
Олам
−
13 Октябрь 2021
3437Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлиги Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам юкланган учта самолёт юборади. Бу ҳақда БМТ сайтида хабар берилган.
“Яқин кунларда БМТ Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлиги гуманитар ёрдам юкланган учта самолётни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига юборишни режалаштирмоқда, шунда у юк машиналари билан Хайратон чегара ўтиш пункти орқали Мозори-Шарифга етказиб берилиши мумкин. Биринчи бундай самолёт октябрь ойининг ўрталарида Термизга етиб келади”, дейилган ташкилот сайтида.
Қайд этилишича, БМТ Афғонистондаги гуманитар операциялар учун 606 миллион доллар талаб қилганидан бир ой ўтди, аммо ҳозирча бу сумманинг атиги 35 фоизи олинган.
“Афғонистон иқтисодиётининг бутунлай қулаши олдини олиш учун маблағ керак”, дейилган хабарда.
БМТ Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлиги вакили Бабар Балохга кўра, идора Афғонистон билан чегарадош мамлакатларда юз минглаб ички кўчирилганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун логистика марказларини ташкил этиш устида ишламоқда.
“Кечаси совуқ тушяпти, уйсиз қолган одамлар тез ёрдамга муҳтож”, деган Балох.
Унинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтож афғонистонликлар сони 20 миллионга етган ва бу рақам ҳар куни ўсишда давом этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти афғон оилаларининг атиги 5 фоизи етарли озиқ-овқат билан таъминлангани ҳақида огоҳлантирган. Таъкидланишича, беш ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмайди.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва Эрон Афғонистонга иқтисодий ёрдам бермоқчи экани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси