“Қодиров иши”: Ўринбосарлар тўдабошидан кўпроққа “кесилди”

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан суд ҳукми ўқилгани, у 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди, Юнусобод туман судининг биносида, Рашид Қодировдан ташқари, жиноят иши доирасида суд қилинаётган 13 кишига ҳам ҳукм чиқарди.

Суднинг ҳукми билан 2000-2015 йилларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган Мирағлам Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Азиз Мусашайхов, Улуғбек Хуррамов, Ю. Гаипов, Абдурашид Мирзаев, Муҳаббат Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган Улуғбек Суннатов 19 йилга, Абдурашид Мирзаев 15 йилга, Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Жамшид Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.

Суд ҳукми эълон қилингач раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рашид Қодиров Мирағлам Мирзаев Жамшид Файзиев Улуғбек Суннатов

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг