Рашид Қодиров қачон ва қай шаклда озод қилингани маълум бўлди
3-саҳифа
−
05 Январь 2023
48595Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори жорий йилнинг 2 январь куни суд қарори билан озодликка чиққан. Буни QALAMPIR.UZ манбаси тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, 29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент валояти Зангиота тумани судида Рашид Қодировга оид ишни кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтган. Суднинг ҳукмига кўра, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) билан озодликка чиқарилган.
У бугунгача Зангиота тумани 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган эди.
2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди, Юнусобод туман судининг биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.
Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.
Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.
Рашид Қодиров жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган даврда унинг ўғли Алишер Қодиров (тадбиркор) 2018 йилда фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган. Куёви Нодир Тўрақулов, Сурхондарё вилояти миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи бўлган. 2018 йилда порахўрликда айбланиб, 16 йилга қамалган.
LiveБарчаси