Рамзан Қодировнинг 19 ёшли ўғлига яна бир унвон берилди
Олам
−
19 Апрель 8837 2 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тўнғич ўғли, республика Спорт вазирлигини бошқараётган Аҳмад Қодировга “Грозний шаҳрининг фахрий фуқароси” унвони берилди. Бу ҳақда Чеченистон миллий сиёсат вазири Аҳмад Дудаев ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Дудаевнинг сўзларига кўра, Аҳмад Қодиров спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу унвонга сазовор бўлган.
“Аҳмад Рамзанович қисқа вақт ичида ажойиб натижаларга эришди ва спорт сиёсати соҳасидаги фаолиятини самарали амалга оширмоқда. У муваффақиятли бошқарувчи, ўз жинсининг муносиб вакили”, деган у.
ТАСС хабарига кўра, тақдирлаш Республика спорт кураши марказининг очилиш маросимида бўлиб ўтган. Шу ерда Чеченистон раҳбари республика спорт курашлари федерацияси вакиллари, тегишли идора ходимлари, мураббийлар ва спортчиларга давлат мукофотларини топширган.
Маълумот учун, 19 ёшли Аҳмад Қодиров 2024 йил май ойидан буён Чеченистон Спорт вазирлигини бошқариб келмоқда. Бунгача у республика раҳбари маслаҳатчиси, Чеченистон Спорт вазири ўринбосари ва республика Ёшлар ишлари вазири лавозимларида ишлаган. Шунингдек, у “Аҳмад” футбол клубини бошқаради. Бир нечта идоравий ва минтақавий мукофотларга сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Рамзан Қодировнинг ўғиллари Али, Аҳмад ва Адам Қодиров Чеченистон парламентидаги рағбатлантиришнинг энг юқори шакли – “Даймехкан Сий” (Ватан шарафи) ордени билан тақдирланганди. Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинланди.
Live
Барчаси