Рамзан Қодиров жиянини ўзига маслаҳатчи қилиб олди
Олам
−
25 Апрель 2023
6149Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 26 ёшли жияни Ҳамзат Қодировни ўзига куч блоки бўйича маслаҳатчи-ёрдамчи этиб тайинлади. Бу ҳақда Чеченистон Миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот бўйича вазири Ахмед Дудаев маълум қилди.
Дудаевнинг сўзларига кўра, Ҳамзат Қодировга ишониб топширилган ҳар қандай йўналиш “динамик ривожлана бошлайди”. Шунингдек, Дудаев Ҳамзатни Рамзан Қодировнинг “содиқ иттифоқчиси” деб атаган.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг февраль ойи бошида Қодировнинг жияни республика Мулк ва ер муносабатлари вазири, Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланган. Бундан уч йил олдин эса, ўша пайтда 23 ёшда бўлган Ҳамзат Қодиров Чеченистон Спорт вазирлигини бошқарган.
“Исталган муассаса ва ҳар қандай лавозимдаги қариндошларимга қўйилган талаб ўн баравар кўп, чунки улар мен туфайли эмас, балки ўзларининг иқтидори ортидан ишлаётганини исботлаши керак. Мен кимга ишонсам, ўшани тайинлайман”, деган Рамзан Қодиров қариндошларининг Чеченистон ҳукуматига тайинланишига изоҳ берар экан.
Айрим нашрларнинг маълумотларига кўра, Чеченистондаги 158 нафар юқори мартабали амалдорнинг 30 фоизи Рамзан Қодировнинг қариндошлари, 23 фоизи қишлоқдошлари, яна 12 фоизи Чеченистон раҳбарининг дўстлари ва уларнинг қариндошларидир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Разман Қодировнинг 20 ёшли қизи, Қодиров котибияти раҳбарининг ўринбосари Хутмат Қодирова республика соғлиқни сақлаш тизимини бошқариши айтилганди.
LiveБарчаси