Рамзан Қодиров Нурсултон Рўзибоевга автомобиль совға қилди (видео)
Спорт
−
20 Июль 2023
27697Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоевга Jetour автомобилини совға қилди. Бу ҳақда спортчининг ўзи маълум қилди.
Рамзан Қодиров спортчини UFC'даги дебют жангида ёрқин ғалабага эришгани билан табриклаб, унга автомобиль совға қилган. Рўзибоев эса Чеченистон раҳбарига видеомурожаат йўллаб, совға учун миннатдорлик билдирган.
Маълумот учун, ярим ўрта вазн тоифасидаги Рўзибоев жорий йилнинг 2 июль куни UFC Vegas 76 турнири доирасида бразилиялик Бруно Феррейрага қарши октагонга кўтарилди. 5 дақиқадан 3 раундга мўлжалланган жанг бор-йўғи 1 дақиқа 20 сония давом этди. Бунга қадар 10 та жанг ўтказиб, барчасида муддатидан олдин ғалабага эришган бразилиялик Бруно Феррейра Нурсултон Рўзибоевга мағлуб бўлди.
Бу орқали Нурсултон ҳам жангда, ҳам турнирнинг “Кеча чиқиши” номинациясида ғолибликни қўлга киритди ва ташкилот томонидан кафолатланган гонорардан ташқари UFC'нинг махсус 50 минг долларлик бонусига ҳам эга чиқди. Бундан ташқари, у биринчи жангнинг ўзиданоқ ташкилот рейтингида 108 поғона юқорилаб, 29-ўринга жойлашди.
Рўзибоевнинг чиройли дебюти ҳақида спорт жамоатчилиги илиқ фикрларни билдириб ўтди. Жумладан, энг енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Алжамейн Стерлинг у навбатдаги шов-шувли жангчи бўлиши мумкинлигини айтди. Спортчи АҚШдан қайтиб келганидан сўнг эса Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов унга 3 хонали уй совға қилди.
Эслатиб ўтамиз, Рўзибоевнинг кейинги жанги санаси ва рақиби ҳам аллақачон маълум бўлган. Унга кўра, ўзбекистонлик UFC жангчиси жорий йилнинг 4 ноябрь куни Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида жойлашган “Ibirapuera Gymnasium” мажмуасида навбатдаги UFC Fight Night мусобақасида октагонга кўтарилади. Ўша куни унга маҳаллий спортчи Кайо Борральо рақиблик қилади. Мазкур жанг орқали Нурсултон бошқа бир ўзбекистонлик жангчи Маҳмуд Муродов учун реванш олиш имкониятига эга бўлади.
LiveБарчаси