Рамиз Усмонов “Ҳамдўстлик юлдузлари” мукофоти билан тақдирланди
Маданият-санъат
−
12 Декабрь 2022
4697Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов “Ҳамдўстлик юлдузлари” мукофоти билан тақдирланди.
Бугун, 12 декабрь куни, Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги XV Ижодий ва илмий зиёлилари форуми доирасида МДҲнинг давлатлараро бош мукофоти – “Ҳамдўстлик юлдузлари” лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Санъат, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари учун аъзо мамлакатларнинг бир нафардан вакилига бериладиган мукофотни бу йил Ўзбекистондан опера хонандаси Рамиз Усмонов қўлга киритди.
Шунингдек, маросим давомида МДҲ давлатларининг ёшлар мукофоти – “Ҳамдўстлик дебютлари” соврини ҳам ўз эгаларига топширилди. Ушбу мукофот 2022 йилда архитектура ва шаҳарсозлик йўналишида фаолият олиб бораётган ёшларга берилди. Айни совринга Ўзбекистондан архитектор, дизайнер Имрон Ҳайдаров лойиқ деб топилди.
Маълумот ўрнида, Санъат, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари учун бериладиган МДҲнинг – “Ҳамдўстлик юлдузлари” давлатлараро мукофоти билан 2020 йилда Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров, 2021 йилда Ботир Зокиров номидаги эстрада симфоник оркестри раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов тақдирланган эди.
2021 йилда ўтказилган “Ҳамдўстлик дебютлари” мукофоти билан Ўзбекистон Республикаси “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги “Шон-шараф” давлат музейи етакчи илмий ходими Барно Исохова тақдирланган.
LiveБарчаси