Рамазон суҳбатлари: Яхшиликнинг охири нажот топишликдир

Фойдали

Яхшилик – Аллоҳнинг амри. Иймон ва виждон амри. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Яхшилик қилинглар, шояд нажот топсангиз”. Аллоҳ таоло яхшиликка буюра туриб, унинг натижаси нажот эканлигини маълум қиляпти.

QALAMPIR.UZ таҳририяти томонидан муқаддас Рамазон ойида ташкил этилган дилбар суҳбатларнинг навбатдаги мавзуси инсоний фазилатларнинг аълоларидан бири бўлмиш яхшилик ҳақида бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов қуйидагиларни сўзлаб берди. 

“Яхшилик деганда нафақат моддий томондан, балки биргина ширин сўз ҳам тушунилади. Биргина ширин сўзимиз ҳам инсонлар учун садоқот, эҳсон ҳисобланади. Биродарига табассум билан қараш, очиқ юзли бўлиш ҳам яхшиликдир. Фарзандларимизга тўғри тарбия бериш ҳам яхшиликлардан биридир. Нимаики савоб бўлса, инсоният учун манфаат бўлса бу яхшилик бўлади. 

Яхшиликнинг натижасида кимнингдир кўнгли шод бўлади, бошқа бировнинг эса иши битади. Яна бировнинг қозони қайнайди. Лекин битта нарсани эсдан чиқармаслик лозим – яхшилик қилган одам ундан-да катта фойда кўради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, солиҳ иш қилса, ўзи учун”. Албатта, яхшилик ортидан кимнингдир иши битади, аммо энг катта фойдани яхшилик қилган одамнинг ўзи кўради”.

Суҳбатдошимиз бунга мисол тариқасида қуйидаги воқеани сўзлаб бердилар. 

“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хонадонларида бир қўй сўйилди. Ойша онамиз шу қўйни тақсим қилдилар. Расули Акрам алайҳиссалом келгач, онамиздан “қўйдан уйга нима қолди?”, деб сўрадилар? Шунда онамиз “битта ўнг қўли қолди”, дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўйнинг ўнг қўлини яхши кўрар эдилар. Буни билган онасиз ҳам қўйнинг ўқнг қўлини олиб қолиб, қолганларини тарқатган эдилар. Шунда Расули Акрам алайҳиссалом “қўлидан бошқа ҳаммаси ўзимизники бўлибди-ку”, дедилар. Эътибор беринг, уйга қолгани демаяптилар, балки тарқатиб юборганимиз бизники деяптилар.

Бугунги синовли кунларда қанчадан қанча кишилар яхшилик қилмоқда, саховат қилмоқда, хайр-эҳсон қилмоқда. Буларнинг ортидан қанчадан қанча хонадонларда хурсандчилик кириб келмоқда, қора қозонлар қайнамоқда. Масалан, 100 та хонадонга хайр-эҳсон этиб яхшилик қилинаётган бўлса, ундан ҳам кўп фойдани ўша ишни қилган одам кўради”, деди Раҳимберди домла Раҳмонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг