Рамазон ойида 2000 дан ортиқ масжидда таровиҳ намозлари ўқилади

Жамият

image

Эртага, 18 февраль кунидан бошлаб республика бўйлаб 2000 дан ортиқ масжидда таровиҳ намозлари ўқилади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, таровиҳ намозлари соат 20:30 дан кейин бошланади. Уларда ҳар куни тахминан 1 миллионга яқин фуқаро иштирок этиши мумкин.

Ушбу даврда хавфсизликни таъминлаш учун 20 мингга яқин Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилар жалб этилади. Масжидлар атрофи видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, улар ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг мониторинг ва мувофиқлаштириш марказига уланган.

Шу билан бирга, йўлларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2500 га яқин Йўл патруль хизмати ходими хизмат олиб боради. Айрим масжидлар жойлашган кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинча чекланади, кириш жойларига махсус тўсиқлар ўрнатилиб, 150 метр узоқликда алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилади. Фавқулодда ҳолатлар учун 200 дан ортиқ махсус техника жалб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилда Рамазон ойи 19 февралдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистонда Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳоли учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши ҳам маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

масжид Рамазон намоз таровиҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг