Рақамлар сўзлаганда: Токио Олимпиадасининг Ўзбекистон учун аҳамияти борми?
Спорт
−
16 Июль 2021
7883Олимпия ўйинларида 7-марта иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси учун Токио Олимпиадаси бир қатор қизиқарли фактлар билан аҳамиятли. Масалан, илк бор замонавий бешкураш спортида Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритилди, шунингдек, аёл спортчилар сони 30 нафарни ташкил этмоқда. Бу эса тарихдаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бундан ташқари:
• 2020 йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларига Ўзбекистонлик атлетлар спортнинг 17 турида жами 71 та йўлланмани қўлга киритдилар. Бу спорт турлари сони бўйича рекорд кўрсаткичдир;
• Токио-2020 Олимпия ўйинларида биринчи маротаба Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси 3 нафар аёл дзюдочи билан, шунингдек, дунёданинг энг кучли 12 жамоаси қаторида аралаш жамоавий йўналишларда ҳам иштирок этади;
• Биринчи бор замонавий бешкураш спорт турида Олимпия ўйинлари йўлланмаси қўлга киритилди;
• Бокс бўйича илк маротаба ўзбекистонлик 3 нафар қиз спортчи беллашувларда қатнашади. Умумий йўлланмалар эса 11 тани ташкил қилмоқда. Спортнинг ушбу турида бутун дунёда фақатгина 3 та жамоа шунча боксчи билан иштирок этади;
• Оксана Чусовитинанинг номи дунё спорт гимнастикаси тарихига саккизинчи бор Олимпиада ўйинларида иштирок этган биринчи спорт гимнастика устаси сифатида битилади.
• ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида қиличбозлик спортида биринчи маротаба 3 та йўлланма қўлга киритилди;
• Оғир атлетика баҳсларида илк бор 2 нафар қиз спортчи Олимпиада йўлланмасига сазовор бўлди;
• Таеквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида биринчи марта Олимпия ўйинларида тўлиқ таркибда (2+2) иштирок этади;
• Токио Олимпиадаси ўйинларида Олга Забелинская велоспорт бўйича аёллар ўртасида иштирок этган дастлабки ўзбекистонлик спортчи бўлиб тарихга киради;
• Светлана Радзивил 4 та Олимпия ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик дастлабки енгил атлетикачи номига сазовор бўлади;
• Делегациянинг энг ёши катта спортчиси — афсонавий Оксана Чусовитина (1975-йил 19-июн) 46 ёшида спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида иштирок этмоқда;
• Энг ёши кичик спортчилар — Зайнаб Дайибекова ҳамда Севара Сафоева. Ҳар иккиси 2002 йилнинг 19 ноябр санасида таваллуд топган. Зайнаб Дайибекова қиличбозликнинг сабля йўналишида иштирок этса, Севара Сафоева бадиий гимнастиканинг гуруҳ машқи дастурида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 19 июль куни Японияга жўнаб кетади. Бунга қадар бокс, дзюдо ва таеквондо терма жамоалари ўқув-йиғин машғулотларининг якуний босқичини ўтказиш учун “кунчиқар мамлакат”га жўнаб кетган эди.
LiveБарчаси