Раисий Эрондаги намойишларда АҚШни айблади
Олам
−
18 Октябрь 2022
3851Эрон Президенти Иброҳим Раисий кеча, 17 октябрь куни Уммон султони Ҳайсам бин Тарек Ал Саид билан телефон орқали суҳбатда Қўшма Штатлар Ислом Республикасидаги кескинлашув ва тартибсизликларни қўллаб-қувватлаб келаётганини даъво қилди. Бу ҳақда Эроннинг Тасним ахборот агентлиги хабар берди.
“Америка ўз санкциялари Эрон халқини тўхтатиб қўяди деб янглишиб ишонди, лекин Эрон халқи санкциялар қаршисида тўхтаб қолмай, ўсишда ва тараққиётда давом этаётганини кўриб, Эрон Ислом Республикасига қарши исён кўтарди”, дейди Раисий.
Президент Эрон халқи АҚШнинг душманона ҳаракатлари қаршисида беҳуда турмаслиги ваъда қилди.
У Уммон Султонлиги билан икки томонлама муносабатларга тўхталар экан, икки давлат ўртасидаги сиёсий майдонда ишонч ва ҳамкорликнинг энг юқори даражасини қайд этди.
Жорий йилнинг 15 октябрь куни Америка етакчиси Жо Байден Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида юз берган ёнғинни изоҳлар экан, Эрон раҳбариятини “репрессив” деб атади. У, шунингдек, Эрон ҳукуматидан ўз фуқароларига нисбатан зўравонликни тўхтатишни талаб қилди. Шу билан бирга, Байден норозилик учун кўчага чиққан одамларни чуқур ҳурмат қилишини урғулади.
15 октябрь куни Эрон пойтахтидаги Эвин қамоқхонаси ҳудудида маҳкумлар ўртасидаги тўқнашув вақтида ёнғин чиқди. Тўрт киши ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ киши жароҳат олди. Маҳаллий ҳукуматнинг хабар беришича, тартибсизликлар ҳақида гап бўлмаган, жазони ўташ муассасасининг бошқа биносида сақланаётган сиёсий маҳкумлардан ҳеч бири жабрланмаган. Улар, шунингдек, ҳодисанинг мамлакатдаги сўнгги тартибсизликларга алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.
LiveБарчаси