Раддияга раддия: QALAMPIR.UZ мухбирининг судда иштирок этмаслиги кимга керак?

Таҳлил 8447
image

Яқинда, 22 январь куни QALAMPIR.UZ мухбирининг жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоятида бўлиб ўтаётган очиқ суд мажлисига киритилмагани ҳақида мақола берилганди. Бунга бугун, 24 январь куни Олий суд Матбуот хизмати ўз раддиясини эълон қилди

Аввало таҳририятимиз номидан шуни маълум қиламизки, Олий суд Матбуот хизмати мазкур раддияни тайёрлаш чоғида очиқлик ва шаффофликни сўраб мурожаат этган мухбирдан ҳеч қандай изоҳ олмаган ва ҳолатга нохолис ёндашган. Раддия тарафларни эшитиб, вазиятни атрофлича ўрганиб, сўнг қарор қабул қилиши лозим бўлган Олий суд Матбуот хизмати томонидан бир тарафлама тайёрланган. 

Раддиядаги нотўғри маълумотлар ҳақида

Олий суд раддиясида: Маълум бўлишича, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари ва бошқа моддалари билан айб эълон қилиниб судга берилган бир гуруҳ судланувчиларга оид жиноят ишини биринчи инстанция судида кўриб чиқиш бўйича судья Х. Шермухамедов раислигида навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 22 январь куни соат 11:00 га жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди биносига тайинланган.

Бундан ташкари жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 23 сентябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари ва бошқа моддалари билан судланган бир гуруҳ шахсларга оид жиноят иши ҳам апелляция инстанция судида кўриб чиқиш бўйича судья Р. Мадумаров раислигида навбатдаги суд мажлиси ҳам шу куни соат 11:00 га жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди биносига тайинланган.

Шу куни соат 11:30 ларда “Qalampir.uz” мухбири Зафарбек Солижонов апелляция инстанциясида котиблик қилаётган суд ходимига мурожаат қилиб, ушбу суд мажлисида қатнашиши ва суд процессини видео тасвирга олишлигини маълум килган. Судья катта ёрдамчиси эса, апелляция суд жараёнини видео тасвирга олиш учун Жиноят-процессуал кодекси талабига кўра, аввал раислик қилувчига илтимоснома билан мурожаат қилиш лозимлиги, агар раислик қилувчи рухсат берса, суд жараёнини видео тасвирга олиши мумкинлигини тушунтирган.

Аслида: Мухбир Зафарбек Солижонов 22 январь куни суд мажлиси бошланмай туриб етиб борган. Олий суд раддиясида тан олинганидек, ярим соат ўтган бўлса-да, суд мажлиси бошланмаган эди. Мухбир суд мажлисига кираверишда ички ишлар формасидаги Миллий гвардия ходимларига уяли алоқа телефонини топширган. Ҳақиқатан ҳам мухбир судья ёрдамчиларига шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ичкарига киришини маълум қилган. Аммо судья ёрдамчиларига суд мажлисини видеотасвирга олиш ҳақида сўз очмаган. Чунки, мухбирнинг ёнида ўз телефонидан бошқа ҳеч қандай техника воситаси бўлмаган.

Шу билан бирга, апелляция тартибидаги ишлар мазкур судда ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари ўтказилади. Баҳс бўлган куни ҳафтанинг чоршанба куни бўлган ва биринчи инстанция тартибида кўриладиган ишлар куни бўлган. Биздаги маълумотларга кўра, раддияда айтилаётган бошқа бир судья Р. Мадумаров раислигидаги иш аллақачон кўриб бўлинган ва унинг тегишли ажрими ҳам чиқарилган.

Раддияда: Аммо “Qalampir.uz” мухбири Зафарбек Солижонов суд ходимининг тушунтиришига қулоқ солмай, судга ташриф буюрган бошқа фуқаролар олдида, суд процессини видеотасвирга олиш учун унга ҳеч ким тўсқинлик қилишга ҳаққи йўқлигини, Жиноят-процессуал кодекси қонундан устун эмаслигини, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида журналистлар хоҳлаган жойга кириб, видеорепортаж тайёрлашга ҳақли эканлигини, буни 500 минг сўмдан баҳс боғлаши эвазига исботлаб бера олишини айтган. Шунда суд ходими унга баҳс боғламоқчи эмаслигини, фақат кодекс талабини тушунтираётганини таъкидлаган. Шундан сўнг “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов ўзининг мобил қўл телефонига суд ходимини видеотасвирга олган ва “сени бугуннинг ўзидаёқ “Озодлик”ка чиқариб юбораман!” – дея таҳдид қилган.

Аслида: Мухбир “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасидаги жумлани тушунтириб, исталган суд жараёнида (ёпиқ суддан ташқари) ҳозир бўлиш ҳуқуқи мавжудлиги ва бунда раислик қилувчининг рухсати талаб этилмаслигини маълум қилган. Жиноят-процессуал кодекси талаблари бўйича жараённи диктофон, видео ёки шунга ўхшаш техника воситалари билан ёзиб олишдагина раислик қилувчининг розилиги талаб этилишини тушунтирган. Уларга тушунтиришда ноодатий баҳс йўлини танлаган ва бу орқали суд жараёнига тезроқ киришни мақсад қилган. Суд ходимини видео тасвирга олмаган ва унга “сени бугуннинг ўзидаёқ “Озодлик”ка чиқариб юбораман!” деб таҳдид қилмаган. Зотан, Солижонов “Озодлик”нинг эмас, QALAMPIR.UZ’нинг ходими. Интернет-нашр эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан рўйхатдан ўтган. 

Таҳририят суддан бу ҳолатни тегишли далиллар билан исботлаб беришини талаб қилади. Агар бунга оид далиллари мавжуд бўлса, ушбу далилловчи воситаларни (видео, аудиоёзув) таҳририятга ёки омма эътиборига ҳавол этишини талаб қиламиз. 

Раддияда: Бу вақтда биринчи инстанция судида иш кўраётган судья Х. Шермуҳамедовнинг ёрдамчиси судга келган тарафлар ва иштирокчиларга суд мажлиси бошланиш арафасида эканини, шунинг учун тезроқ суд мажлиси залига кириш зарурлигини маълум қилган.

Шу орада “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов суд мажлиси зали жойлашган суд биносининг 1-қаватига бир неча маротаба кириб чиққан.

Бундан кўринадики, “Qalampir.uz” мухбири З. Солижоновни очиқ суд мажлиси залига бошқа фуқаролар каби кириб ўтиришига имкони бўлган ва унга ҳеч ким тўсқинлик қилмаган.

Аслида: Судья ёрдамчилари мухбирни киритмагач, у қонунда белгиланган ҳуқуқини амалга ошириш учун суд залига киришга уринган. Аммо судья ёрдамчилари ва ички ишлар формасидаги хавфсизлик ходимлари томонидан мухбирни суд мажлиси ўтказилаётган суд залига кириши учун тўсқинлик қилинган.

Раддияда: Аммо “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов биринчи инстанция суди бошланаётган суд мажлиси залига кирмасдан, у апелляция инстанция судида кўрилаётган иш бўйича суд ходими билан баҳслашишни давом эттирган. Таажубланарли томони шундаки, З. Солижонов суд ходимига айнан қайси суд мажлисига келганини аниқ айтмасдан, фақатгина “металл” билан боғлиқ бўлган жиноят иши бўйича келганлиги ҳақида мурожаат қилган (шу куни биринчи ва апелляция инстанцияларида кўрилаётган ҳар иккала жиноят ишлари ҳам “Ўзметкомбинат” билан боғлиқ ишлар бўлган).

Мухбир суд ходими билан гап талашаётган пайтда судья Х. Шермухамедов биринчи инстанция судида кўраётган жиноят иши бўйича суд терговини бошлаб юборган эди.

Аслида: Зафарбек Солижонов ўша куни Бекобод металлургия комбинати иши бўйича 30га яқин тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят иши юзасидан суд мажлисига келганини судъя ёрдамчисига маълум қилган. У мазкур ишга учинчи бор қатнашиши бўлган. Мухбир ва судья ёрдамчилари тортишаётганини кўриб турган судья Шермуҳамедов эътибор бермасдан суд ишини бошлаб юборган. 

Ваҳоланки, мухбир ўзини аввалги суд мажлисларида таништирган бўлган. Буни жиноят ишидаги иштирокчилар ва уларнинг ҳимоячилари тасдиқлайди. Мухбир судья суд залига кириб кетаётган вақтда уни бир неча марта чақирган. Лекин у бунга эътибор бермаган.

Раддияда: 2020 йил 22 январь куни “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов суд мажлисига раислик қилувчи судья Х. Шермухамедовга жиноят ишида журналист ёки оддий иштирокчи сифатида иштирок этиш ҳақида мурожаат қилмаган. Унинг ушбу жиноят ишида иштирок этиши учун келганидан суд мажлисида раислик қилувчининг мутлақо хабари бўлмаган.

Аслида: “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра журналист суд мажлисига кириши учун судьянинг рухсати талаб этилмайди. Суд мажлисига киргач, тегишли гувоҳнома ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб, кимлиги ва нима мақсадда келганини маълум қилиши мумкин.

Раддия эълон қилингач, Зафарбек Солижонов Олий суд Матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов билан телефон орқали мулоқот қилган ва ундан нега холисликни таъминлаш мақсадида Олий судга чақирилмагани юзасидан изоҳ сўраган. Солижонов раддияда билдирилган фикрлар асоссиз эканини тушунтиришга ҳаракат қилган.

Шу ҳолатда, Олий суд Матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов мухбирдан муаммо юзага келган вақтда нега Матбуот хизмати билан боғланмагани, ўша заҳотиёқ суд мажлисига киритмаганлар устидан шикоят қилмагани сабабини сўраган.  Мухбир эса “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун турганда бунга эҳтиёж йўқлигини тушунтирган. Матбуот котиби мазкур муаммони ўрганиш ишлари жараёнида мухбирнинг чақирилмагани сабаби сифатида воқеага гувоҳ бўлган уч нафар судья ёрдамчилари ва ички ишлар формасидаги Миллий гвардия ходимларидан изоҳ олинганини кўрсатган. 

Оммавий ахборот воситаси каби одил судловнинг ҳам олтин қоидаси – холислик тамойили ҳисобланади. Юқоридаги давлат масъул ходимларининг барчаси сўроқ қилинса ҳам, бу ҳолатда иккинчи тараф мустақил ОАВ вакили Зафарбек Солижонов эканлигини тушуниш қийин эмас. Нега Олий суд томонидан мухбир суҳбатга чақирилмагани ҳамон бизга номаълумлигича қолмоқда. 

Қолаверса, хизмат текшируви далиллар ва исботлар, уларни қўллаб-қувватловчи бошқа воситаларга асосан олиб борилади. Бунда шунчаки оғзаки гапларга таянилмайди. Мухбирнинг суд мажлисига киритилмагани факт. Унинг атрофидаги гаплар эса унинг судга киритилмаслигига асос бўлолмайди ва бўлиб ўтган воқеаларни оқламайди. Агар мухбир қонунни бузган бўлса, буни исботлаб бериш керак. 

Олий суд раддияси сўнгида “Шундай экан, “Qalampir.uz” сайти мутасаддилари рўй берган ҳолатни қонун нуқтаи назаридан холис баҳолаб, ўзларининг адолатли хулосаларини билдиради, деган умиддамиз”, дейилади. Қонун энг аввало вазифаси қонунийликни таъминлаш бўлган ташкилотларда асосий мезон бўлиши керак. Агар қонун ҳимоячиларининг ўзи қонунни бузиб турса, бошқалардан нима кутиш мумкин?

Яна шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш ўринлики, бу муаммо бугуннинг ёки фақат QALAMPIR.UZ мухбири Зафарбек Солижоновники эмас. Агар судларда ОАВга нисбатан “аллергия” мавжуд бўлмаганда, суд залларига кириш, суд мажлисларида иштирок этиш эмин-эркин бўлганда, бугун ушбу мавзу бу қадар шов-шувга ва эътирозларга сабаб бўлмасди. 

Устига-устак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида ўтказган йиғилишларида, 22 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисда, шунингдек, кеча, 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида суд ва уларнинг фаолияти, судьяларнинг касб интизомига алоҳида тўхталиб, масала юзасидан танқидий мулоҳазаларини билдирди. Яна бир бор улардан шаффофликни талаб қилди. Шундан кейин ҳам ўзгариш бўлмаса... Хулоса сиздан! 

Аввал таъкидланганидек, мухбир Солижонов худди шу масалада бундан аввалги суд мажлисларида иштирок этганди. Унинг айнан 22 январь кунидаги маҳкамага қўйилмаслиги ҳам кишида саволларни уйғотади. Ҳолбуки, шу куни "Ўзбекметаллургиякомбинати" акциядорлик жамияти собиқ бош директори Алик Нуритдинов ҳамда жамиятнинг бош ҳисобчиси судда иштирок этган, улардан кўрсатмалар олинган. Айнан шу куни суд мажлисида ОАВнинг иштирок этмаслиги кимгадир, кимларгадир керак бўлгандек гўё...


 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 164
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×