QALAMPIR.UZ олдинги раҳбарлардан Эрматовга нималар мерос қолганини сўради
Спорт
−
29 Июнь 2019
4627Аввалроқ, бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси мажлислар залида ЎФАнинг янги биринчи вице-презтиденти Равшан Сайфуддинович Эрматов иштирокида ОАВ вакиллари учун Матбуот анжумани бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.
QALAMPIR.UZ мухбири ЎФА вице-президентига қуйидаги савол билан мурожаат қилди: “Сиз ўзбек футболининг олдинги икки раҳбарияти билан ҳам бирга ишлагансиз. Айтингчи, ташкилотда бундан олдинги раҳбариятдан сизга нима мерос бўлиб қолди?”.
Равшан Эрматов нашримиз мухбирининг саволига ним табассум билан жавоб қайтарди.
“Раҳбар тўғрисида гапирганда, албатта олдинги раҳбарлар билан ҳам бирга ишлаганман. Авваламбор, ўзбек футболи учун хизмат қилган барча раҳбарларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар ўз фаолиятлари давомида озми-кўпми ўзбек футболининг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишган. Иш бор жойда камчилик бўлади. Мен камчиликларга эмас, кўпроқ олдинга қарашни яхши кўраман.
Мерос ҳақида нима дейиш мумкин? Масалан, Мираброр Зуфаровични оладиган бўлсак, у инсон ўзбек футболи учун 10 йил давомида хизмат қилди. У киши келганида биринчи таъкидлаган эди. “Мен футбол бўйича мутахассис эмасман, мен футболга шароит яратиш учун келдим. Футболни сизлар мутахассислар футбол қиласизлар, мен сизларга шароит яратиб бераман” деган эди.
Усмонов ўз сўзида туриб, футболга барча шароитларни яратиб берди. Молиявий томондан, умуман барча томонлама кўмак берди. Аҳмаджонов даврида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди. Футболга телевидение кириб келди. Футбол бу хатолар ўйини, унинг ичида ҳам ташқарисида ҳам хатолар кўп. Биз уни таҳлил қилиб, тўғри йўлга солиш бизнинг ишимиз”, дея таъкидлади Равшан Эрматов.