QALAMPIR.UZ'ни “Док-1 Макс” судидан четлаштириш сўралди
Жамият
−
16 Август 2023
8704Бугун, 16 август куни Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган дори “Док-1 Макс” воқеаси бўйича айбланаётган шахсларга нисбатан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтмоқда. Суд жараёнини ёритиш мақсадида борган QALAMPIR.UZ журналисти Ҳулкар Муртазоевани бир неча адвокатлар суддан чиқариб юборишни сўради.
Мазкур судда судланувчи А.А.нинг адвокатлари М.Мадаминов ҳамда А.Ҳусанов QALAMPIR.UZ сайти журналисти Ҳулкар Муртазоевани суд жараёнини ёритишда айбсизлик презумпциясига амал қилмаганликда айблаб, суддан четлатиш бўйича илтимоснома киритди.
Гап шундаки, QALAMPIR.UZ жорий йилнинг 11 август куни бўлиб ўтган илк суд мажлисида иштирок этди ва суд мажлиси ҳақида батафсил репортаж тайёрлади. Табиийки, видеорепортажда суд жараёни ва унда иштирок этаётган шахслар – судланувчилар, уларнинг яқинлари ва гувоҳлар тасвирланган. Ушбу суд мажлисидан аввал судланувчиларнинг яқинлари журналистлардан айбланувчиларнинг тасвирга туширилмаслигини сўраган. Аммо бундай тартиб фақат судга раислик қилувчи томонидан белгиланади. Суд мажлиси бошланганида эса оммавий ахборот воситаларининг судни ёритиши бўйича ҳеч қандай тақиқ ва чекловлар бўлмаган.
Адвокатлар бугун, 16 август куни бўлиб ўтаётган судда QALAMPIR.UZ журналисти YouTube'да эълон қилинган “Энг даҳшатли жиноят суди бошланди. Quramax раҳбарига уй қамоғи сўралди” номли видеолавҳасида айбсизлик презумпциясига амал қилмаганликда айблаган.
Ушбу илтимосномани бир нафар адвокатдан ташқари барча адвокатлар қўллаб-қувватлаган. Мазкур илтимоснома суд томонидан кейинги суд жараёнигача кўриб чиқилиб, якуний қарор қабул қилинади.
Шунингдек, яна бир адвокат И.Раҳматов Kun.uz сайти журналистини ҳам айбсизлик презумпциясига амал қилмаганликда айблаган.
Суд мазкур илтимосномани рад этди. Аммо ОАВ вакилларига жараённи ёритишда айбсизлик презумпциясига амал қилишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Олий суд томонидан Ўзбекистонда “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб жами 65 нафар бола вафот этгани маълум қилинди. Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь