Путиннинг “Вагнер” исёнига жавоби заиф бўлди – Зеленский
Олам
−
03 Июль 2023
9815Украина Президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путиннинг “Вагнер” қуролли исёнига жавоби заиф бўлгани ва Россия Президенти ўз халқи устидан назоратни йўқотаётганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 3 июль куни CNN телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Биз Путиннинг муносабатини кўряпмиз. Бу кучсиз. Биринчидан, биз у ҳамма нарсани назорат қилмаслигини кўрдик. “Вагнер”нинг Россияга чуқур кириб бориши ва баъзи ҳудудларни эгаллаши буни қилиш қанчалик осон эканини кўрсатади. Путин минтақалардаги вазиятни назорат қилмайди. У илгари эга бўлган барча ҳокимият вертикали шунчаки қулаб тушмоқда”, деган Зеленский интервьюда.
Унинг айтишича, Украина разведкасининг ҳисоботлари Кремль Пригожинни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатган ва у Россиянинг ярми “Вагнер” бошлиғи ва ҳарбийлаштирилган гуруҳнинг исёнини қўллаб-қувватлаганини даъво қилган.
Украина раҳбари билан суҳбат нафақат Пригожиннинг муваффақиятсиз қўзғолони ортидан, балки бир неча ҳафта давомида Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олишга бўлган интилиши билан боғлиқ. Киевнинг бу саъй-ҳаракатлари унинг Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан жиддий эътиборга олинган ва 1 июль куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Билл Бернс Киевга бориб, Зеленский ва Украина разведка ходимлари билан учрашган.
Украина Президенти Марказий разведка бошқармаси раҳбари билан учрашуви ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар берилганидан ҳайратда қолганини айтган.
“Менинг Марказий разведка бошқармаси бошлиғи билан мулоқотим ҳар доим саҳна ортида бўлиши керак. Биз муҳим нарсаларни – Украинага нима кераклиги ва Украина қандай ҳаракат қилишга тайёр экани каби масалаларни муҳокама қиламиз”, деган Зеленский.
Билдирилишича, фахрий дипломат бўлган Бернс Киевда ишончли суҳбатдошга айланган ва уруш даврида Украинага бир неча бор саёҳат қилган.
“Бизда Марказий разведка бошқармасидан яширадиган ҳеч қандай сир йўқ, чунки бизда яхши муносабатлар бор ва разведка хизматларимиз бир-бири билан гаплашади. Вазият жуда оддий. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи билан ўзимнинг ҳам яхши муносабатларим бор. Мен унга жанг майдонига оид барча муҳим нарсаларни айтиб бердим”, деган Зеленский.
Қайд этиш жоизки, 1 июль куни Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Зеленский Пригожиннинг қўзғолони жанг майдонидаги Россия кучига катта таъсир қилгани ва Украинанинг қарши ҳужуми учун фойдали бўлиши мумкинлигини айтган.
Киев ҳаракатларининг асосий мақсади Украинанинг жануби ва шарқидаги ҳудудларни қайтариб олишга қаратилган бўлсада, Зеленский унинг якуний мақсади Қримни, 2014 йилда Россия томонидан халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда аннексия қилинган ярим оролни озод қилиш эканини билдирган.
“Биз Украинани Қримсиз тасаввур қила олмаймиз. Қрим Россия ишғоли остида бўлсада, бу фақат бир нарсани англатади: уруш ҳали тугамаган”, дейди Зеленский.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь