Путиннинг одами Ўзбекистон ва 5 мамлакатни АҚШнинг таҳдидидан огоҳлантирди
Олам
−
23 Август 2022
31546Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо қатор давлатларни ўз ичига олган Марказий Осиёдаги АҚШ ҳарбий машғулотлари америкаликларга ҳарбий амалиётлар потенциал театрини ўрганиш, нишонлар ва хариталарни аниқлаштириш учун зарур. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев сўз очди.
Патрушевнинг 19 август куни Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ Хавфсизлик кенгаши котибларининг йиғилишидаги нутқининг илгари эълон қилинмаган қисмлари бугун, 23 август куни “Аргументи и факти” газетасида чоп этилди.
Бу ўринда гап 10 август куни Тожикистонда АҚШ қўмондонлигида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Мўғулистон ва Покистон ҳарбий хизматчилари иштирокида бошланган “Минтақавий ҳамкорлик-2022” машғулотлари ҳақида бормоқда.
“Ҳамкорларимизга шуни эслатиб ўтмоқчиманки, америкаликларга бундай тадбирлар, биринчи навбатда, потенциал амалиёт театрини ўрганиш, истиқболли нишонлар координаталарини аниқлаштириш ва юқори аниқликдаги қуроллар учун рақамли хариталарни мослаштириш учун керак. Умид қиламанки, ШҲТга аъзо барча давлатлар Американинг ушбу ташаббуслари бизнинг хавфсизлигимиз учун жуда катта хавф туғдиришини энди англайди”, деган Патрушев.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби таъкидлаганидек, Вашингтон Афғонистоннинг қўшни давлатлари билан у ерда аксилтеррор операциялари учун гўёки вақтинчалик инфратузилма яратиш бўйича келишувга эришиш уринишларидан воз кечмаяпти. Москва “Минтақавий ҳамкорлик – 2022” машғулотларига ҳам шу нуқтаи назардан қарайди.
Маълумот учун, ШҲТ саммити 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозирда ташкилотга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. Сўнгги пайтларда кўплаб давлатлар ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда. Хусусан, Самарқанддаги саммитда Эроннинг қўшилиш тартиби якунланиши ва Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши кутилмоқда. Беларуснинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиш ҳақидаги аризаси ҳам ўрганилмоқда.
LiveБарчаси