Путиннинг дўсти унга Украина урушидаги хатоларни очиқ айтган – WP
Олам
−
25 Октябрь 2022
16277Октябрь ойи бошида “The Washington Post” газетаси Америка разведкаси томонидан қўлга киритилган маълумотларга таяниб, Россия Федерацияси Президентининг атрофидаги шахс Владимир Путинга Украинадаги урушда йўл қўйилган хатолар ҳақида тўғридан-тўғри гапирганини ёзган эди. Ўшанда разведка ҳисоботида Путиннинг президентни танқид қилишга журат этган яқин шериги номи кўрсатилган, бироқ бу журналистларга маълум қилинмаган.
“The Washington Post” газетаси разведка ҳисоботида ким тилга олинганини аниқлашга муваффақ бўлди. АҚШ ҳукуматидаги ҳисоботдан хабардор манбанинг нашрга айтишича, бу бизнесмен, “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожин бўлган.
Нашр манбасига кўра, Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ХҲК зиммасига ҳаддан ташқари кўп мажбуриятларни юклаётгани, шу билан бирга хусусий ҳарбий компанияга ўз вазифаларини бажариши учун етарли молиявий ва моддий ресурслар ажратмаётганидан норозилигини билдирган.
Нашр манбасининг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда “Вагнер” ХҲК жангчилари озиқ-овқат ва жиҳозлар етишмаслигидан шикоят қилган видео тарқалди. Манбанинг айтишича, видео Кремлни ёлланма аскарларга кўпроқ маблағ ажратишга мажбурлаш учун саҳналаштирилган бўлиши мумкин.
Евгений Пригожин “Конкорд” компанияси матбуот хизмати орқали “The Washington Post” нашрига у Путин билан “яқин орада” шахсан мулоқот қилмаганини, шунингдек, Украинадаги можаро пайтида “Россия Қуролли Кучлари раҳбариятини танқид қилмаганини” айтган. Пригожин, шунингдек, “Вагнер” ХҲК жангчилари озиқ-овқат ва материаллар етишмаслигидан шикоят қилган ёзувни кўрмаганлигини билдирган.
“Конкорд” компанияси матбуот хизмати томонидан эълон қилинган шарҳда Пригожин “The Washington Post” журналистларини “ошхонада ғийбат ва спекуляция тўплайдиган истерик бозор аёлларига ўхшамасликка, шунингдек, кулгили провокацион материалларни нашр этиш орқали қандайдир маълумот майдонини яратишга ҳаракат қилмасликка чақирган.
LiveБарчаси