Путин Зеленскийнинг легитимлиги тугаганини айтди
Олам
−
24 Май
18999Россия Президенти Владимир Путин Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг қонуний президентлик даври тугаганини ва Украина бўйича ким билан музокара олиб бориш масаласи бекорга эмаслигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 24 май куни Минскда Россия-Беларусь музокаралари якунида матбуот учун берган баёнотида сўз очди.
“Ким билан музокара қилишимиз керак, бу беҳуда савол эмас, биз Украинанинг амалдаги давлат раҳбарининг қонунийлиги тугаганидан хабардормиз”, дейди Путин.
Шунингдек, Путин Швейцарияда бўлиб ўтадиган конференция Зеленскийнинг Ғарб ҳамжамияти томонидан қонунийлигини тасдиқлашга қаратилганини айтди.
“Аммо бу пиар қадамлар ҳуқуқий ҳужжатлар учун муҳим эмас. Биз қонуний ҳокимият билан иш олиб бораётганимизга тўлиқ амин бўлишимиз керак”, дейди у.
Шу билан бирга, Путиннинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг қонунийлиги ҳақидаги саволга Украинанинг ўзида жавоб топиш керак.
“Биз Украина Конституциясида нима ёзилганига қарашимиз керак, қайси давлат органлари Украина Конституциясига мувофиқ сайловларсиз, сайлов тартиб-қоидаларисиз узайтирилиши мумкин ва қайси бири бу ҳуқуқларга эга эмас – бу ҳуқуқий таҳлил асосида амалга оширилиши мумкин. Булар Украина сиёсий ва ҳуқуқий тизими учун саволлар”, дея хулоса қилади Россия раҳбари.
Сўнгги ойларда Россия расмийлари ва тарғиботчилари бир хил тезисни бир неча бор такрорлаб, 2024 йил 20 майдан кейин Владимир Зеленский ваколат муддати тугаши муносабати билан легитимликни йўқотганлигини айтмоқда.
Зеленскийнинг президентлик муддати ҳақиқатан ҳам тугади, бироқ мамлакат конституциясининг 108-моддасида Президент янги давлат раҳбари сайлангунга қадар ўз вазифаларини бажариши кераклиги айтилган. Кенг миқёсли уруш бошланишидан олдин навбатдаги сайловлар 2024 йил 31 мартда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ ҳарбий ҳолат туфайли сайловлар қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ гарчи расмий равишда Владимир Зеленскийнинг давлат раҳбари сифатидаги ваколати 20 майда тугаган бўлса ҳам, БМТ уни Украина Президенти деб ҳисоблашда давом этиши эълон қилинганди.
LiveБарчаси