Путин ядровий доктринани ўзгартирмоқчи
Олам
−
21 Июнь
8750Ғарбда “ядровий қуролдан фойдаланиш чегарасининг пасайиши” фонида Россия ядровий доктринасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда 20 июнь куни Владимир Путин Вьетнамга ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз ҳали ҳам ядровий доктринада нимани ва қандай ўзгартириш мумкинлиги ҳақида ўйлаяпмиз. Негаки, ҳар ҳолда биз потенциал душманларимиз бу масала юзасидан ишлар олиб бораётганини биламиз. Улар ядро қуролидан фойдаланиш чегарасини пасайтириш билан шуғулланмоқда”, деб ёзади “Forbes” нашри Путиннинг Москва қандай ҳолатда ядровий доктринасини ўзгартиришга тайёр бўлади, деган саволга берган жавобидан иқтибос келтириб.
Маълумот ўрнида, ядровий қуролдан фойдаланиш чегарасини пасайтириш деганда Путин НАТО давлатларини ушбу оммавий қирғин қуролини қўллаш бўйича чекловларни юмшатиш ишларини олиб боришда айбламоқда.
Путин таъкидлаганидек, Россия доктринасига профилактик ядро зарбасини киритишнинг ҳожати йўқ, чунки унинг ўта катта ишонч билдиришича, жавоб зарбасида душман йўқ қилиниши кафолатланади.
Россия Федерацияси Президентининг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари ядро кучларини шай ҳолатга келтириш хусусидаги баёнотлар билан ядровий кескинлик атрофидаги ҳароратни кўтариб, вазиятни кескинлаштирмоқда ва жанг майдонида Россиянинг стратегик мағлубиятига эришмоқчи.
Бундан ташқари, Путин Россия учун стратегик мағлубият давлатчиликнинг тўхташи ва Россия давлатининг минг йиллик тарихининг тугаши деган маънони англатишини ҳам қўшимча қилди.
Аввалроқ, 18 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков НАТОнинг ядровий кучларни жанговар шай ҳолатга келтириш режалари муносабати билан Россия ўзининг ядровий доктринасига ўзгартиришлар киритиши мумкинлигини маълум қилганди.
“Forbes” маълумотларига кўра, жорий йилнинг июнь ойида Россия Мудофаа вазирлиги стратегик бўлмаган ядровий кучлар машқларининг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Унинг доирасида бундай қуроллардан жанговар фойдаланиш масалалари ишлаб чиқилади. Машқларнинг биринчи босқичида ракета тузилмалари ва авиация “Искандар” мажмуаси ва “Кинжал” гипертовушли ракеталари учун махсус ўқ-дориларни олиш бўйича машқ қилган.
Эслатиб ўтамиз, бу доктринага биринчи бор ўзгартиришлар киритилиши эмас. 2020 йил июнь ойида Россия Президенти Владимир Путин “Ядровий тўсиқлар соҳасида давлат сиёсати асослари тўғрисидаги” ҳужжатни тасдиқлаганди. Ушбу ҳужжат ядро қуролидан фойдаланиш шартларини кенгайтирди. Ўзгаришлар ядро қуролидан фойдаланишга сабаб бўлувчи янги икки асосни тақдим қилди. Булар қуйидагилар эди:
- Россия ва унинг иттифоқчилари ҳудудига ҳужум қилувчи баллистик ракеталар учирилганлиги тўғрисида ишончли маълумот олиш;
- Душманнинг Россия Федерациясининг муҳим давлат ва ҳарбий объектларига таъсири, уларнинг муваффақиятсизлиги ядровий кучларнинг жавоб ҳаракатларининг бузилишига олиб келади.