Путин ва Цзиньпин Пекинда икки томонлама музокара ўтказмоқда
Олам
−
18 Октябрь 2023
3629Хитойнинг Пекин шаҳрида кенгайтирилган таркибда Россия-Хитой музокаралари бошланди. Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Халқ мажлислари залида учрашди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Путин бошчилигидаги Россия делегацияси таркибига икки бош вазир ўринбосарлари – Александр Новак ва Дмитрий Чернишенко ҳам киритилган. Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Шарқий тараққиёт вазирлиги, Марказий банк ва бошқа идоралар раҳбарлари ҳам делегация таркибидан ўрин олган.
Бизнес вакиллари орасида “Газпром” ва “Роснефть” раҳбарлари Алексей Миллер ва Игорь Сечин, Сбербанк ва ВТБ раҳбарлари Герман Греф ва Андрей Костин, шунингдек, Леонид Михельсон, Геннадий Тимченко ва бошқалар бор.
Қайд этилишича, музокаралар давомида халқаро ишлар ва минтақавий можаролар, жумладан, Украина бўйича батафсил фикр алмашилади.
Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков эълон қилганидек, Путин катта эҳтимол билан Украина урушидаги вазиятга ўз баҳосини беради, ХХР раиси эса ўз фикри билан ўртоқлашади.
Россия томони Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви кун тартибида бўлишини тан олган.
Мамлакат Президенти Покистон Бош вазири Анвар-ул-Ҳақ Какар билан ҳам мулоқот қилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пекин шаҳридаги Халқ мажлислари уйида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган эди. Маросим доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси тантанали кутиб олинганди.