Путин ва Байден учрашуви қанчага тушгани ҳисобланди

Олам 15151
image

Швейцариянинг Женева кантони Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ҳамда Жо Байден учрашувини ўтказиш учун сарфланган харажатларни ҳисоблашни якунламоқда, унинг умумий миқдори 10 миллион доллардан ошиши мумкин. Бу ҳақда маъмурият матбуот хизмати раҳбари Эммануэль Куэно хабар берган.  

“Россия-АҚШ саммити учун кантон харажатларининг ҳисоб-китоби якунланмоқда”, деган у. 

Куэнонинг қўшимча қилишича, бундан олдин саммитга сарфланган маблағ ҳақидаги дастлабки маълумотлар эълон қилинган.

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, саммит давомида хавфсизликни таъминлаш 5,176 миллион франкга тушган. Бу маблағ кантон полицияси, қўшни кантонлардан жалб қилинган хавфсизлик кучлари, уларнинг турар жойлари ва транспортлари учун сарфланган. Бу харажатларнинг бир қисми Федерал полиция томонидан қопланади.

Яна 222 658 франк протокол хизматларига, 518 минг саммитнинг хавфсизлик периметрида жойлашган турли ташкилотларнинг бир кунлик иш вақтининг узилишларини қоплашга сарфланган. 

Шунингдек, саммитни ёритган журналистларни ташиш ва овқатлантириш учун 3 миллион франк сарфланган. 

“Сиз тушунганингиздек, буларнинг барчаси дастлабки ҳисоб-китоблар, якуний маълумотлар 10-15 фоизга ошиши мумкин. Ҳисоб-китоблар тугагач, улар сентябрь ойининг охирида Федерал органларга юборилади”, дея қўшимча қилган Куэно. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтди. Ла Гранж қасрида бўлиб ўтган Владимир Путин ва Жо Байден ўртасидаги юзма-юз учрашувда икки томонлама муносабатларнинг кўплаб қирралари муҳокама қилинди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 474
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×