Путин Ўзбекистоннинг Украина бўйича нейтрал сиёсати учун миннатдорлик билдирди
Жамият
−
06 Июнь
9120Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга Украина бўйича бетарафлик ва мувозанат учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у кеча, 5 июнь куни хорижий ахборот агентликлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Қайд этилишича, Путин Ўзбекистонга ташрифи чоғида Мирзиёев билан Украина масалаларини муҳокама қилган.
“Президент Мирзиёев, шубҳасиз, Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб, у Украинада содир бўлаётган воқеалардан хавотирда эканлигини билдирди. Биз Ўзбекистоннинг сиёсати бетараф ва жуда мувозанатли эканлиги учун Президентдан миннатдормиз ”, деган Россия раҳбари.
Шунингдек, Путин Мирзиёев билан Афғонистон масаласини ҳам муҳокама қилганини айтди.
“Ўзбекистон олдида турган муаммо – бу жаҳон океанига, денгизларга чиқиш муаммоси, бунинг ҳаммаси аниқ. Бу ерда турли хил вариантлар мавжуд, жумладан, Афғонистон ҳудуди орқали логистикани ривожлантириш, логистиканинг барча турлари: қувур транспорти, темир йўл транспорти, автомобиль транспорти, энергия ресурслари, электр энергияси ва бошқаларни етказиб бериш ва ҳоказо. Ва, албатта, бу борада Афғонистондаги барқарорлик Ўзбекистон учун ҳам, биз учун ҳам жуда муҳим. Афғонистондаги ҳокимиятни “Толибон” назорат қилади ва, албатта, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасидаги барча келишувлар амалга оширилишини таъминлашимиз керак, жумладан ҳукуматда Афғонистондаги барча этник гуруҳларнинг иштироки. Бу нозик, жуда муҳим савол. Лекин биз “Толибон” ҳукумати билан муносабатларни ўрнатишимиз керак”, деган Путин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга телеграмма йўллаб, унда мамлакатга давлат ташрифи чоғида ўзига ва Россия делегациясига кўрсатилган қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирганди.
LiveБарчаси