Путин Мирзиёевга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирди
Жамият
−
29 Май
8650Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга телеграмма йўллаб, унда мамлакатга давлат ташрифи чоғида ўзига ва Россия делегациясига кўрсатилган қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Телеграмма матни Кремль сайтида эълон қилинди.
Путин музокаралар Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, эришилган келишувлар турли соҳаларда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар очади.
Маълумот учун, 26 май куни Путин Мирзиёев таклифига биноан икки кунлик давлат ташрифи билан Тошкентга келди. 27 май куни икки давлат раҳбарлари ўртасида аввалига тор доирада, сўнгра кенгайтирилган доирада музокаралар бўлиб ўтди. Путин учрашувда савдо, саноат, атом энергетикаси, маданият, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликка оид ҳужжатлар тўплами имзоланишини айтди.
Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги кун тартиби шу қадар мазмунли, ўзига хос ва кенг кўламли бўлганки, у Президентлар томонидан жуда батафсил музокараларни талаб қилган. Шунинг учун ҳам Путиннинг ташрифи уч кунга чўзилган ва Мирзиёев Россия раҳбарини уйига таклиф қилган. Давлат раҳбарлари эрталабки соат учгача суҳбатлашган.
Музокаралар чоғида Путин икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошганини ва 10 миллиард долларга етганини таъкидлади.
Давлат раҳбари ўсиш суръатларига ижобий баҳо бериб, томонлар яқин келажакда 20 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
LiveБарчаси