Путин урушни танлади, дунё Россияни жавобгарликка тортади – Байден
Олам
−
24 Февраль 2022
12902АҚШ Президенти Жо Байден Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россиянинг Донбассдаги ҳарбий амалиётига “бир овоздан ва қатъий жавоб беришларини” ваъда қилди. Бу ҳақда Америка етакчисининг Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Бугун бутун дунёнинг дуоси Россия қуролли кучларининг асоссиз ва оқланмайдиган ҳужумидан азият чекаётган Украина халқи биландир. Президент Путин фожиали қурбонлар ва азоб-уқубатларга олиб келадиган урушни танлади. Бу ҳужум олиб келадиган ўлим ва ҳалокат учун фақат Россия жавобгар ва АҚШ ва унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари бирлашган ва қатъий жавоб беради. Дунё Россияни жавобгарликка тортади”, дейилади Байденнинг баёнотида.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси