Путин Украина хавфсизлигининг кафолатчи давлати номини айтди
Олам
−
17 Август 21412 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Аляскадаги Россия-АҚШ саммитида Хитойни Украина хавфсизлигининг эҳтимолий кафолатларидан бири сифатида тилга олди. Бу ҳақда “Axios” ўз манбасига таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бу билан Путин НАТО қўшинларидан иборат хавфсизлик кучларига қарши бўлишига шама қилган.
NBC News хабарига кўра, Қўшма Штатлар тинчлик битими доирасида Украина учун НАТО типидаги хавфсизлик кафолатининг бир қисми бўлишга тайёр, бироқ Трамп Украинага Америка қўшинларининг киритилишини бундай кафолат сифатида кўрмаяпти. Украинанинг НАТОга қўшилиши ҳақида ҳам гап йўқ.
“The Wall Street Journal” ҳам манбаларга таяниб, АҚШ Украинага бевосита хавфсизлик кафолатларини беришга ҳар қачонгидан ҳам тайёр эканини ёзди. Аляскадаги саммитдан сўнг АҚШ Президенти ва ЕИ етакчилари Киев учун НАТОдан ташқарида, бироқ “5-модда услубида” кафолат беришни муҳокама қилган. Унда альянсни жамоавий ҳимоя қилиш тамойили мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра, блокнинг бир аъзосига қилинган ҳужум барча аъзоларга қилинган ҳужум, деб ҳисобланади.
Россия Президенти Владимир Путин америкалик мавқедоши билан бўлиб ўтган саммитдан сўнг у билан Украина хавфсизлигини таъминлаш зарурати борасида ҳамфикр эканини айтди.
Украина томони Россия билан зиддиятни ҳал қилиш учун халқаро хавфсизлик кафолатлари зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. Украинанинг асосий талаблари орасида ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кафолатлари, замонавий қурол тизимлари ва тезкор жавоб механизмлари мавжуд.
Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ишончли хавфсизлик кафолатлари ва халқаро назоратсиз ҳар қандай ҳудудий имтиёзлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин АҚШ етакчиси Дональд Трампга Аляскадаги музокаралар чоғида Украина қўшинларини Донбассдан олиб чиқиб кетиш эвазига Украинадаги можарони “музлатиб қўйиш”га тайёрлигини айтганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь