Путин Трампни табриклади
Олам
−
08 Ноябрь
12158Россия Президенти Владимир Путин республикачи Дональд Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан омма олдида табриклади. Бу ҳақда у Сочидаги “Валдай” халқаро мунозара клубининг 21-йиғилишида сўз очди.
Путин, шунингдек, Трампнинг Россия билан муносабатларни тиклаш ва Украина инқирозини тугатишга ёрдам бериш истаги ҳақидаги оммавий баёнотларига эътибор қаратган.
“Фурсатдан фойдаланиб, уни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклайман, айтганимдек, биз Америка халқи ишонч билдирган ҳар қандай давлат раҳбари билан ишлаймиз”, деган Путин.
Россия Президенти Трампни мард инсон сифатида таърифлаб, унинг суиқасд пайтидаги хатти-ҳаракатларидан ҳайратда эканини билдирган.
“Ўз ҳаётига суиқасд пайтида унинг хатти-ҳаракати мени ҳайратда қолдирди ва бу шунчаки қўл кўтариш ва ўз идеаллари учун курашишга чақириш эмас. У ғайриоддий шароитларда ўзини намоён қилди ва жуда жасоратли эканини кўрсатди”, деган Путин.
Бундан ташқари, Россия Президенти Трамп билан мулоқотга тайёр экани ва унга қўнғироқ қилишни уят деб ҳисобламаслигини маълум қилган.
Маълумот учун, Трамп 2016 йилги сайловда ғалаба қозонган, аммо 2020 йилги сайловда мағлуб бўлган. Шундан сўнг, у 2020 йилги сайловда кенг кўламли фирибгарлик бўлганини даъво қилиб келади. Ушбу даъволар 2021 йил 6 январь куни Капитолийга ҳужумга олиб келган бўлиб, Трамп тарафдорлари Президент Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш жараёнини тўхтатишга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Украина Президенти Владимир Зеленский, Марказий Осиё етакчиларидан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, АҚШнинг собиқ президенти, демократ Барак Обама Дональд Трампни Америка Қўшма Штатлари Президенти этиб сайлангани билан табриклади.
LiveБарчаси