Путин Сталинни ҳам ортда қолдиришга қарор қилди – “Reuters”
Олам
−
07 Ноябрь 2023
19598Россия президенти Владимир Путин 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этишга қарор қилди. Бу унинг ҳокимиятда камида 2030 йилгача қолишига ёрдам беради. Бу ҳақда "Reuters" инсайдерларига таяниб хабар берди.
Кремль янгиликлари билан таниш бўлган бошқа манба ҳам Путиннинг номзоди сайловда иштирок этиши юзасидан қарор қабул қилингани ва унинг маслаҳатчилари сайловга ҳозирлик кўраётганини тасдиқлаган.
"Қарор қабул қилинди. Путин эндиликда янги йилда бўлиб ўтадиган сайлов учун ўз номзодини қўяди", деб ёзган бевосита Россиянинг юқори даражали расмийлари билан алоқадор манбалар.
Кўплаб дипломатлар, жосуслар ва амалдорлар Путиннинг ҳокимиятда умрбод қолишини кутишган бўлса-да, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Президентнинг шахсан ўзи бу масала юзасидан ҳали изоҳ бермаган. Кампания жараёнлари ҳам аниқ кўрсатилмаган.
Маълумот учун, Путин 1999 йилнинг сўнгги кунида Россия Федерациясининг биринчи президенти Борис Ельцин томонидан президентлик лавозимини қабул қилиб олгач, СССР раҳбари Иосиф Сталин давридан бери бошқа Россия ҳукмдорларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ вақт давомида "тахтга ўтирди" ва ҳатто Собиқ Иттифоқнинг бошқа бир раҳбари Леонид Брежневнинг 18 йиллик бошқарувини ҳам ортда қолдирди.
Мамлакатда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йил 17 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу Россияда ўтказиладиган сайловларнинг саккизинчиси ҳисобланади ва Путин унда олтинчи марта ўз номзодини қўяди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь