Путин Шимолий Кореяга ташрифини якунлаб, Вьетнамга етиб келди (видео)
Олам
−
20 Июнь
8187Кеча, 19 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин КХДРга ташрифини якунлаб, кейинги давлат ташрифи билан Вьетнамга етиб борди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Президенти Вьетнам Коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби Нгуен Пҳу Тронг таклифига биноан икки кунлик ташриф билан Вьетнамга келган.
Ташриф чоғида Путин Вьетнам олий раҳбарияти, хусусан Нгуен Пҳу Тронг, Вьетнам Президенти То Лам, Бош вазир Фам Минь Тинь ва Миллий Ассамблея раиси Тран Тхан Ман билан музокаралар олиб боради. Музокаралар якунида Россия ва Вьетнам ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича қўшма баёнот, шунингдек, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Нашрга кўра, Вьетнам Президенти билан учрашув якунида Путин ва То Лам матбуотга баёнот беради.
Маълумот учун, Россия Вьетнам билан дипломатик муносабатларни 1950 йил 30 январда ўрнатганди. Бу йил июнь ойида Россия ва Вьетнам Социалистик Республикаси ўртасида дўстлик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлди. Путин президентлик даври давомида Вьетнамга тўрт марта ташриф буюрган. Сўнгги ташриф 2017 йилнинг ноябрида бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяндаги саммитда Ғарб билан рақобат кучайиб бораётгани сабабли ҳамкорлик шартномасини имзолаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь