Путин Кимга лимузин совға қилди (видео)
Олам
−
19 Июнь
19237Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяндаги саммитда Ғарб билан рақобат кучайиб бораётгани сабабли ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу шартнома иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Вашингтонга қарши мақсадларни мустаҳкамлаш мақсадида имзоланган. Учрашувда Ким Чен Ин Москва ва Пхеньяннинг дўстлиги Совет давридагидан ҳам яқинроқ эканини таъкидлаб, Россия ҳукумати, армияси ва халқига Украина суверенитети, хавфсизлик манфаатлари ва ҳудудий хавфсизлигини ҳимоя қилишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бирдамликка ваъда берган.
Путиннинг Ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаковнинг Пхеньянда журналистларга айтишича, музокаралардан сўнг икки етакчи ўзаро совғалар алмашган. Путин Ким Чен Инга Россияда ишлаб чиқарилган Aurus русумли лимузин ва бошқа совғалар, жумладан чой тўплами ва денгиз зобитининг ханжарини совға қилди. Ушаковга кўра, Кимнинг Путинга берган совғалари орасида эса Россия раҳбари тасвирланган санъат асарлари ҳам бор.
Кремль Ким Чен Ин Путин шарафига зиёфат уюштириши, Россия Президенти эса 19 июнь куни кечқурун Вьетнамга жўнаб кетишини ҳам хабар қилган.
Маълумот учун, Шимолий Корея қурол дастури туфайли БМТ Хавфсизлик Кенгашининг оғир санкциялари остида, Россияга эса Украинадаги тажовузкорлиги сабабли АҚШ ва унинг ғарбий ҳамкорлари томонидан санкциялар қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Шимолий Кореяга етиб боргани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси