Путин ШҲТни дунёдаги энг йирик минтақавий бирлашма деб атади
Олам
−
11:22 649 1 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нафақат Евросиё, балки бутун дунёдаги энг йирик минтақавий бирлашма эканини айтди. Бу ҳақда у бугун, 1 сентябрь Бишкекда бўлиб ўтаётган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўз очди.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, ШҲТга аъзо давлатларда дунё аҳолисининг қарийб ярми яшайди ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг учдан биридан ортиғи яратилади.
“ШҲТ ҳудудида улкан интеллектуал ва технологик салоҳият, шунингдек, жаҳон табиий ресурсларининг салмоқли қисми жамланган”, деган Путин.
Россия Президенти ташкилот 25 йил давомида катта йўлни босиб ўтганини ва кўп қутбли дунёнинг нуфузли марказларидан бирига айланганини таъкидлаган.
“Россия ШҲТ фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. ШҲТ давлатлари ўртасида савдони мустаҳкамлаш – ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири”, деб айтган Путин.
Маълумот учун, бугун, 1 сентябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган саммит расман старт олди. Саммитда ШҲТга аъзо барча 10 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Россия, Хитой, Ҳиндистон ва минтақа давлатларини бирлаштирган Евроосиёдаги асосий куч ва иқтисодий ўсиш марказларидан бири ҳисобланишини айтганди.
Live
Барчаси