Путин рози, Зеленский тайёр. Якун яқин
Таҳлил
−
19 Август 2025 9700 11 дақиқа
Ой уйдаги барча музокаралар тугагач, Владимир Зеленский “Fox News”га бериши кутилган интервьюсини бекор қилди. Аммо Украина Президенти брифинг ўтказиб, кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Бу эса ноаниқлигича қолаётган баъзи масалаларга ойдинлик киритишда ёрдам берди. АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўтган икки томонлама ва Европа етакчиларини ҳам ўз ичига олган кенгайтирилган музокарлардаги асосий муҳокама мавзулари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, у Путин билан учрашув яқин эканини ҳам маълум қилди. Қуйида Владимир Зеленский ўтказган брифингнинг тўлиқ ҳолдаги таржима шаклини тақдим қиламиз.
Зеленский: Кутиб турганингиз учун раҳмат. Қисқа кириш сўзи ва кейин саволларингизга ўтишим мумкин. Марҳамат. Хайрли кун! Аввало, суҳбат учун, бўлаётган барча воқеаларни ёритиб турганингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорлик билдираман. Бу учрашув учун Президент Трампга миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу энг яхши учрашувларимиздан бири бўлди. Бу муҳим. Кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашдик, узоқ, батафсил мулоқот бўлди.
Жанг майдонидаги вазият ҳақида америкалик ҳамкасбларимга ҳатто харита орқали кўп нарсаларни кўрсатиб бердим. Хақиқатан ким нима назорат қилиб тургани, қандай ҳолатда экани ҳақида, фақат миш-миш эмас, балки аниқ маълумотларни тақдим этдим. Кўп масалаларни муҳокама қилдик, аммо аввало европалик етакчиларимизга миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу муҳим қадам бўлди, деб ўйлайман. Европа Иттифоқи ҳам, бошқа Европа давлатлари ҳам – Британия, Франция, Германия, Италия, Финляндия, президент Урсула фон дер Ляйен ва НАТО Бош котиби Марк Рютте шахсан келиб, Украинани қўллаб-қувватлашини ифода этди ва жуда муҳим масалани муҳокама қилди: кейин нима бўлади, давлатни қандай қўллаб-қувватлаш керак, барқарор ва адолатли тинчлик учун нима қилиш зарур. Шунингдек, хавфсизлик кафолатлари ҳам муҳокама қилинди.
Бу биз учун жуда зарур, чунки уруш тугагач, биз ишонамизки, уруш албатта тугайди, муҳим нарса шундаки, бу фақат жанглардаги танаффус эмас, балки ҳақиқий тинчлик бўлиши керак. Шу тинчликни эса ҳамкорларимиз хавфсизлик кафолатлари билан ҳимоя қилиши зарур. Кеча бизда тўғридан тўғри мулоқот қилиш имконияти йўқ эди. Жамоамиз жуда кўп иш қилди ва муҳим жиҳати шундаки, бизда 30 та давлат иштирок этди. Бир нечта сессиялар ва суҳбатлар бўлди. 30 та муҳим ҳамкорнинг бир томонда туриши ва бир хил келгуси қадамлар ҳақида фикр билдириши муҳим эди. Бу ерда фақат Европа мамлакатлари эмас, балки Канада, Австралия, Япония ва “кўнгиллилар коалицияси” вакиллари ҳам бор эди. Бугун АҚШ Президенти билан ва кейин қўшма учрашувдаги ҳамкасблар билан суҳбатларимиздаги мавзулар ҳақида, албатта, сизлар ҳам савол берсангиз бўлади. Лекин асосий масалалар хавфсизлик кафолатлари ҳақида бўлди. Бу энг муҳим масала.
Урушни тугатиш учун дастлабки нуқта, яъни охир-оқибатда қандай ҳимоя бўлиши кераклигидан бошлаймиз ва ишни шу йўналишдан олиб борамиз. АҚШдан аниқ сигнал бор: улар ёрдам берувчи, мувофиқлаштирувчи ва Украина учун хавфсизлик кафолатлари иштирокчиси бўлади. Менимча, бу олдинга ташланган катта қадамдир. Барча деталларни айта олмайман, лекин сиёсий ирода ва сиёсий қарорнинг ўзи ҳам муҳим. Бу биринчи масала.
Иккинчи масала – болаларни қайтариш. АҚШнинг Биринчи хоними ва бутун жамоаси бу муаммони яхши тушунади ва жуда муҳим, оғриқли ва мураккаб масалага – украин болаларини қайтариш масаласига қўшилиш ниятида. Турли ҳолатлар, турли мисоллар бор, шунинг учун турли ёндашувлар талаб этилади. Бу ҳақда АҚШ Президенти билан ҳам суҳбатлашдик. У ҳам бу осон тизим эмаслигини тан олди, аммо менга “ҳаммани ҳаммага алмашиш” масаласида ёрдам беришини айтди. Бу нафақат ҳарбий асирлар, балки фуқаролар – журналистлар, сиёсий маҳбуслар ҳақида ҳамдир.
Биз бу йўналишда ишлашга келишдик. Шунингдек, АҚШ Президенти Украина, Қўшма Штатлар ва Россия иштирокида уч томонлама учрашувни қўллаб-қувватлади ва уни иложи борича тезроқ ўтказишни таклиф қилмоқда. Албатта, бу учун барча томонларнинг келишуви керак бўлади. Бизнинг қўшма учрашувимиздан кейин ва хавфсизлик кафолатлари бўйича қандай иш олиб боришни мувофиқлаштирганимиздан сўнг АҚШ Президенти Россия томони билан боғланди ва улар дипломатик қадамлар қандай бўлиши мумкинлигини муҳокама қилди.
Россия аввал икки томонлама – Украина ва Россия ўртасида учрашув ўтказишни таклиф қилди, шундан кейин эса уч томонлама. Хўп, мен айтгандим-ку, биз ҳар қандай форматга тайёрмиз, асосийси бу етакчилар даражасида бўлиши керак. Чунки фақат етакчилар даражасида биз мазкур мураккаб ва оғриқли масалаларни ҳал қила оламиз. Ҳеч бўлмаганда биз учун бу масалалар жуда муҳим ва оғриқли.
Шунинг учун мен розилигимни билдирдим ва мени барча европалик етакчилар қўллаб-қувватлади: биз Путин билан икки томонлама учрашувга тайёрмиз. Шундан кейин уч томонлама учрашувга умид қиламиз. Ҳаммаси, эҳтимол, икки томонлама учрашув қандай ўтишига боғлиқ бўлади. Умуман, натижа яхши, нормал, деб ҳисоблайман. Раҳмат.
Журналист: Биз бу икки томонлама учрашув ва кейинги уч томонлама учрашув ҳақида аниқлик борми, деган савол қўймоқчимиз. Яъни, Россия тарафидан ҳеч қандай талабларсиз учрашув бўладими ёки яна Донбасс ва бошқа масалалар ҳақида шартлар қўйиб, жараённи чўзишадими?
Зеленский: Биз ҳозирча икки томонлама учрашув ҳақида ҳеч қандай тафсилотларни билмаймиз. Мен Америка Қўшма Штатлари Президенти билан гаплашганимда шуни таъкидладимки, барча тарафлар урушни тугатиш истагини намоён этиши керак. Урушни тугатиш истаги дегани – етакчилар даражасида дипломатик учрашув. Агар қайсидир тараф учрашувга тайёрлигини кўрсатмаса, биз Америка Қўшма Штатларидан мос равишда ҳаракат қилишни сўраймиз.
АҚШнинг босими бор. Ҳозирча биз турли форматларни кўриб чиқяпмиз, эҳтимол учрашув бўлиши мумкин.
Журналист: Демак, сиз айтгандек, аввал икки томонлама, кейин уч томонлама учрашув бўлади. Сиз тайёрмисиз ёки шартлар пайдо бўлишини кутяпсизми?
Зеленский: Биз тайёрмиз, айтганимдек, етакчилар даражасидаги ҳар қандай форматга. Агар Украина учрашув учун глобал, мутлақо адолатли шартларни қўйса, масалан оташкесим каби – у ҳолда руслар ўз тарафидан юзлаб шартларни қўяди. Шунинг учун, менимча ҳеч қандай шартларсиз учрашишимиз керак ва кейин бу йўлнинг урушни тугатишга қандай олиб боришини кўриб чиқиш лозим.
Журналист: Жаноб Президент, яна бир савол. (1+1 телеканали) Владимир Олександрович, сиз Овал офисдаги карта билан суратга тушганингизни кўрдик. Украина харитасида, вақтинча оккупация қилинган ҳудудлар белгиланган. У ердаги фоиз бўйича сиз билан баҳс бўлгани ҳақида хабар бор. Нима дейсиз?
Зеленский: Ҳа, мен ўша картадаги фоиз бўйича бироз баҳс қилдим, чунки вақтинча оккупация қилинган ҳудудларнинг фоизларини жуда яхши биламан. Лекин бу баҳс эмасди, бизда самимий, яхши, мазмунли суҳбат бўлди.
Журналист: АҚШнинг позицияси ҳақида. Улар ҳали ҳам ҳудудий алмашинув ғоясида турибдими? Ёки Украина учун мақбул формула борми, масалан, қайси ҳудудни Россияники сифатида тан олиш ҳақида?
Зеленский: Бу ҳақда ҳам АҚШ Президенти билан узоқ суҳбат қилдик. Улар ҳам хариталар билан тайёргарлик кўришган экан, мен жуда миннатдорман. Бизда ҳам худди шундай харита бор эди. Биз бу ҳақда узоқ гаплашдик. Қайд этиш жоиз, давлатимизнинг айрим қисмлари, масалан, шарқий ҳудудлар ёки Қрим оккупация қилингани кучли армия фронтал юриши туфайли эмас, балки умуман жанглар йўқлиги сабабли содир бўлган. Масалан, Қримда оммавий ҳарбий ҳаракатлар умуман бўлмаган. Шунинг учун: “Қисқа вақтда Россия армияси кучли бўлгани учун катта ҳудуд оккупация қилинди”, дейиш нотўғри.
Бундай нуқталар жуда муҳим. Чунки АҚШ Президенти ҳақиқий вазиятни, армиямизнинг ҳаракатини, Украина армиясининг қувватини тушуниб олиши керак. Масалан, аниқ рақам бор: 1000 кун ичида руслар фақат 1% ҳудудни эгаллаган. Одамлар эса 20% ёки 18% деб ўйлайди. Аслида эса 1% ҳам эмас. Бу факт вазиятга бошқа нуқтаи назардан қарашга ёрдам беради. Бу борада биринчи марта менда шундай имконият пайдо бўлди. АҚШ Президенти ва унинг жамоаси билан батафсил харита устида суҳбат қилдим ва қоғоздан ўқимай, балки ҳар бир қон тўкилган квадрат километрни ёддан билиб турган ҳолда вазиятни баён қилдим. Бу жуда ҳассос масала. Мен хоҳладимки, Президент бизни эшитсин ва кўрсин. Менимча, у эшитди ҳам, кўрди ҳам. Шунинг учун ҳудудлар масаласи – бу мен билан Путин ўртасида қоладиган масала.
Журналист: “Financial Times” хабарига кўра, Украина АҚШга қуроллар бўйича 100 миллиард долларлик битим таклиф қилмоқда. Бу ҳақда алоҳида тушунтирсангиз, нималар назарда тутилмоқда?
Зеленский: Хавфсизлик кафолатлари, эҳтимол, бизнинг ҳамкорларимиз томонидан кенгайтирилади ва бора-бора батафсилроқ бўлади ва албатта буларнинг барчаси қоғозда ифода этилади, яқин ҳафта ёки ўн кун ичида қандайдир расмийлаштирилади. Мен сизларга айтганимдек, хавфсизлик кафолатларининг бир қисми – бизнинг улушимиз, яъни қўшимча молия зарур. Мен бу пулларнинг барчасини топиш ниятидаман. Бунинг учун Европадаги ҳамкорларимизда тушунча бўлиши шарт: биз маълум муддатга молиялаштириш манбалари топишимиз керак. Бу муддат анча узоқроқ бўлади, шунда бу хавфсизлик кафолатларининг бир қисмига айланади. Маошлар ва молиявий қўллаб-қувватлашдан ташқари, шундай дейиш мумкинки, биз ўз бюджетимиздан барча маошларни тўлашга қодир бўламиз.
Аммо унда, масалан, ички ишлаб чиқаришимиз учун маблағ етишмаслиги мумкин, ҳудди ҳозиргидек. Ҳарбийларимизга маош тўлаш учун ҳамкорларимиз ҳеч қачон пул бермаган, бу аниқ, улар бера олмайди ҳам, лекин улар ишлаб чиқаришимизга маблағ ажратган. Шу боис, агар биз ҳарбийларимизга юқори маошларни ўзимиз тўласак, ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун кучли ресурслар керак бўлади. Шунинг учун пакетнинг иккинчи қисми – АҚШ қуролларидир. Улар бизда йўқ қуроллардир. Унга биринчи навбатда самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқалар киради. Қолганини ҳозирча қўя турамиз. Ростдан ҳам, таклифларимизда 90 миллиард долларлик пакет бор. Бу хавфсизлик кафолатларининг иккинчи қисми ҳисобланади.
Учинчи қисми эса – дронлар ишлаб чиқариш. АҚШ Президенти билан шундай келишув борки, экспорт очилгандан сўнг улар Украина дронларини сотиб олади. Бу биз учун муҳим. Бу ички дрон ишлаб чиқаришни молиялаштиради. Компанияларимиз ишлаб чиқариш ва уни кўпайтириш учун маблағга эга бўлади. Бу муҳим. Шунингдек, шериклар билан қўшма ишлаб чиқариш ҳам бор. Шундай экан, хавфсизлик кафолатларининг иккинчи қисми – бу биз ўзимиз қиладиган ишлар. Учинчи қисми бўлса – шерикларимиз биз учун қила оладиган ишлардир. Хавфсизлик кафолатлари қандай ишлаши ва Украина ҳимояси учун қандай кучлар жалб этилиши ҳақида ҳозирча фақат шуни айта оламан.
Журналист: Раҳмат, жаноб Президент. Сўнгги савол: Бу кўп томонлама ёки икки томонлама музокараларда сиз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган масала тилга олиндими?
Зеленский: Бу мунозара, бу – шериклар билан мулоқот. Ҳар биримиз ўз далилларимизга эгамиз. Қабул қилиб бўлмайдиган қарорлар бўлгани йўқ. Менимча, ҳар биримиз ўз ишимизни қилдик.
Журналист: Яна аниқлик киритсангиз. Сиз хавфсизлик кафолатларининг АҚШ томонидан мувофиқлаштирилишини шахсан ўзингиз сўрадингизми? Ёки буни Президент Трамп таклиф қилдими?
Зеленский: Бу масала деталларда аниқ бўлади. Лекин муҳим жиҳати шуки, биз хавфсизлик кафолатлари устида биргаликда ишлаймиз. Биз учун АҚШ томонидан таъминланадиган хавфсизлик кафолати жуда муҳим.
Журналист: Америка тинчликпарварлари ҳақида. Бу ҳақда Дональд Трамп учрашувдан олдин айтган эди. Нималар келишилди, шу тўғрисида бирор нарса дейсизми?
Зеленский: Эҳтимол, бу фақат америкалик тинчликпарварлар эмас, балки НАТО давлатлари ҳам бўлиши мумкин. Қаранг, биз “кўнгиллилар коалицияси” ҳақида гапиряпмиз, бу 30 мамлакат ҳақида бўлади. Биз тушуниб оламиз, қайси мамлакатлар реал равишда нимани таклиф эта олади. Кимдир, эҳтимол, ўз қўшинларини жойлаштириш ҳақида гапиради, кимдир разведка ҳақида, кимдир денгиз ҳақида ва яна кимдир ҳаводаги хавфсизлиги ҳақида. Турли форматлар. Кимдир тайёр, лекин конституцияси рухсат бермайди ва у миллий украин ишлаб чиқаришини молиялаш билангина ёрдам бериши мумкин. Бу чуқур масала, кенг масала. Шунинг учун деталлар аниқ бўгунча кутамиз.
Журналист: Жаноб Президент, бугун Дональд Трамп шуни маълум қилдики – у асосий кенгайтирилган форматдаги учрашув ва унинг норасмий қисми орасида Владимир Путинга қўнғироқ қилган экан. Айта оласизми, бу қайси босқичда бўлган, қайси масалалар муҳокама қилинган ва шу қўнғироқдан кейин у сизга нима деди?
Зеленский: Бизда икки томонлама музокара бўлди. Кейин шу икки томонлама келишувларимизни кенгайтирилган форматда муҳокама қилдик. Ва шу ерда хавфсизлик кафолатлари ва эҳтимолий учрашувлар бўйича қадамларимизга кўпроқ эътибор қаратдик. Шундан сўнг Президент Трамп айтди: “Мен энди бораман ва буни Путин билан муҳокама қиламан, тўғрисини айтсам, сизнинг олдингизга муҳим масала билан қайтиб келаман”. Трамп шундай деди.
Кейинчалик эса биз ана шу масалани муҳокама қилдик. Биз бунга тайёр эдик. У гаплашди, биз эса ҳамкасблар билан техник жиҳатларни муҳокама қилдик: масалан, хавфсизлик кафолатлари бўйича қачон видеоконференция орқали учрашишимиз мумкинлиги ҳақида. Кейин қайтадан Овал кабинетга қайтдик. Президент айтди: аввал икки томонлама формат таклиф этилади, кейин эса уч томонламага ўтилади.
Журналист: Жаноб Президент айтингчи, Европадаги ҳамкорларингизни бугунги иштироклари қанчалик муҳим бўлди? Бу учрашув натижасига қай даражада таъсир кўрсатди? НАТО Бош котиби ва Еврокомиссия президенти бор эди. Қандай қилиб шунчалик тез уларни йиғишга муваффақ бўлдингиз?
Зеленский: Биринчидан, улар Украинани ҳурмат қилади, халқимизни ардоқлайди. Менимча, улар билан шахсий муносабатларимиз жуда яхши ва мен уларга катта миннатдорлик, ҳурмат билан айтаман, биз буни қанчалик тез ташкил этган бўлсак ҳам, уларни бирлаштира олдик ва барчамиз бу ерга келдик. Мен улардан жуда миннатдорман. Бу учрашувга таъсир қилди, деб ўйлайман, чунки Украина ёлғиз эмас. Муҳим жиҳат шуки, бизда шундай кучли қўллаб-қувватлаш, эҳтимол баъзи тактик қадамлар ҳам бор. Менимча, ҳаммаси рост. Раҳмат.
Журналист: Жаноб Президент, Лондонда сиз ҳақингизда жуда кўп сўрашади. Саволим хавфсизлик кафолатлари ҳақида: украин армиясини молиялаш ва дронлар ишлаб чиқаришдан ташқари, янги турдаги қуроллар, хусусан, АҚШдан аниқроқ ёрдам пакетлари муҳокама қилиндими?
Зеленский: Биз АҚШдан кутганимиз катта пакетда бор. Биз нима кераклигини тушунамиз, бизда хоҳиш бор. Бу ҳаммасининг бошланиши. Биз ҳамма нарсага умид боғлай олмаймиз. Лекин бошланиш жуда муҳим. Ҳаммаси иштирокини тасдиқлади – бу муҳим, деб ўйлайман. Ҳозирча қўшадиган нарсам йўқ. Бу ерда гап фақат молиялаш ҳақида эмас, балки бунга қўшимча равишда разведка маълумотларининг алмашинуви, айрим ҳолларда иштирок ва давлатимиз ҳимоясига қўшилиш ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда эса ҳали эрта. Раҳмат. Хайр.