Путин Россиянинг НАТО билан эҳтимолий уруши ҳақида гапирди

Олам

image

Россия келажакда НАТО давлатларига ҳужум қилмоқчи эмас. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтди.

Россия Федерацияси Президентининг сўзларига кўра, “Россия таҳдиди” мавзусини Европа қитъасидаги “хўжайин” мақомини йўқотишдан қўрққан Қўшма Штатлар илгари сурмоқда.

“НАТО давлатлари билан уруш бизга нега керак? Бугун ҳам, эртага ҳам улар билан тўқнашиш бизнинг режамизда йўқ. Менимча, улар ҳам буни хоҳлашмайди. Унда нега [АҚШ] бундай деяпти? Уларни пул тўлашга ундаш учун, мана гап қаерда”, дейди Путин.

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Европани Украинадаги можарога тортиб, ўзи хоҳлаган нарсага эришди.

“АҚШ ўзининг долзарб муаммоларини ҳал қилиб, ўзлари ишонганидек, Украинани ажратиб, Россиянинг Европа билан муносабатларини узди. Афсуски, ниятига етди. Биз шунчаки бошқача йўл тополмадик. Ёки ҳамма нарсани шундоқлигича топшириб, уларнинг асли русларники бўлган ҳамма нарсани еб, шовқин кўтаришини томоша қилиш керак эди. Биз буни қила олмадик. Ҳозир улар молиявий масъулият ва тўловлар юкини Европага юклаяпти ва Ғарбдаги бугунги сиёсатчиларнинг иродаси заиф ва умуртқасиз авлоди бунга қарши тура олмайди”, дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Россия Президенти Шарқий ва Марказий Европада альянс қўшинлари сонининг кўпайишига эътибор қаратди.

“Биз билганимиздек, Финляндия аллақачон НАТОда ва Швеция ҳам аъзо бўлишни режалаштирмоқда. Дарҳақиқат, бу иттифоқнинг чегараларимизга яқинлашишининг навбатдаги босқичини англатади. Эслатиб қўяй, биз ҳаммамиз яхши биламиз, 1991 йилда улар Горбачёвга: йўқ, йўқ, шарққа бир дюйм ҳам кенгаймаймиз, деб ваъда қилган. Мана, марҳамат, кўринг. Мана қандай ҳамкор улар. Шунчаки ҳар қадамда уятсизларча ёлғон гапиришади. Шу тариқа блокнинг тажовузкор табиати эндиликда “мудофаа” тузилмалари ортида яширинолмаяпти”, деган Путин.

Шунингдек, у Ғарб Россияни жиловлаш стратегиясидан ва Украинадаги агрессив мақсадларидан воз кечмаётгани, шу билан бир қаторда, Россия ҳам “махсус ҳарбий операция” мақсадларидан воз кечмоқчи эмаслигини қўшимча қилган.

Путиннинг фикрича, фақат Россия Украина давлатининг ҳудудий яхлитлигининг кафолати бўлиши мумкин.

“Истамайсизми? Керак эмас. Тарих ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Биз аралашмаймиз, лекин ўзимизникидан воз кечмаймиз”, дейди Путин.

Учрашувда Россия Федерацияси Президенти мудофаа соҳасидаги қатор устувор ва тизимли вазифаларга ҳам эътибор қаратган.

“Ҳарбий таҳдидлар характерининг ўзгариши ва янги ҳарбий-сиёсий хатарларнинг пайдо бўлиши шароитида дунёда кучлар, стратегик кучлар мувозанатини таъминловчи ядро учлигининг роли сезиларли даражада ошди. Жорий йилда қуролланиш бўйича давлат дастурининг изчил тартибда амалга оширилиши ва мудофаа корхоналарининг самарали фаолияти туфайли стратегик ядровий кучларнинг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланиш даражаси, умуман олганда, 95 фоизга, денгиз флоти қисми эса қарийб 100 фоизга етказилди”, дейди Путин.

Унга кўра, йил охиригача стратегик ракета қўшинларида “Ярс” ва “Авангард” ракета тизимларининг 15 та учириш мосламаси жанговар навбатчиликка ўтказилади.

“Биз тўртта сувости кемасини олдик, яқинда икки, ўтган ҳафта мен “Красноярск” кўп мақсадли ядро сувости кемасини ва "Булава" баллистик ракеталари билан жиҳозланган ”Император Александр III” ни қабул қилдим", дейди Путин.

Президент юқори аниқликдаги ракеталар ва ҳар хил турдаги дронларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни жиддий равишда ошириш зарурлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, жорий йилда ҳарбий-саноат мажмуаси меҳнати туфайли зирҳли техника етказиб бериш ҳажми 3 баробар, автомобилларни етказиб бериш ҳажми эса 4,5 баробар ошди. Умуман олганда, сотиб олинган асосий қурол турлари сони 2,7 бараварга, айниқса талаб – етти бараварга ошган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг