Путин Россияни узоқ муддатли милитаризацияга тайёрламоқда – ISW
Олам
−
22 Апрель
9430Кремль Россия жамиятини узоқ муддатли милитаризацияга ва НАТО билан эҳтимолий можарога тайёрламоқда. Мазкур жараёнда Украина босқинини оқлаш учун илгари қўлланилган нарративлар яна ишга солинмоқда. Бу ҳақда АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари хабар берди.
ISW таҳлилчиларининг таъкидлашича, Россия амалдорлари ва тарғиботчилари томонидан илгари Украина билан боғланиб айтилган “нацизм” айбловлари энди нафақат Киевга, балки Европа давлатларига ҳам тобора кўпроқ қаратилмоқда.
Масалан, 2025 йил 20 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа Иттифоқини “нацизм мафкурасини қайта тиклаш” ниятида айблаган.
“Биз бунга тоқат қилмаймиз, бу мафкура яна бош кўтармаслиги, бутунлай йўқ қилиниши ва Европа ўз қадриятларига қайтиши учун барча кучларни сафарбар қиламиз,” деган эди Лавров “Россия-1” телеканалига берган интервьюсида.
Бу баёнот Еврокомиссия раҳбарларининг 9 майдаги Ғалаба парадида иштирок этмаслик тавсиясига жавобан айтилган.
ISW экспертларининг фикрига кўра, бу баёнотлар Кремлнинг СССРнинг фашистлар Германияси устидан қозонган ғалабаси тасвири ва Улуғ Ватан уруши ҳақидаги афсоналардан Европа ва НАТОни қоралаш ва ҳарбийлаштиришни жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш бўйича узоқ йиллик стратегиясига мос келади.
“Кремль Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ тарихий ўхшашликларни кўп бора келтирган. Бу орқали аҳолига Украинадаги ҳарбий мақсадлар йўлида ижтимоий ва иқтисодий қурбонликларни оқлашга ҳаракат қилинмоқда. Владимир Путин ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар доимий равишда “денацификация” терминидан фойдаланади – бу эса Украина ҳокимиятини алмаштириш ва Москва учун қулай бўлган режимни ўрнатишни англатади. Айнан Киевдаги “нацист” ҳукумат ҳақидаги риторика 2022 йил февралидаги тўлиқ босқиннинг асосий асосларидан бири бўлган,” дейилади ISW ҳисоботида.
ISW мутахассисларига кўра, Россия тарғиботи бу каби риторикани бошқа давлатларга, хусусан, Финляндия, Эстония ва Молдова каби собиқ СССР республикаларига ҳам ёймоқда.
Масалан, 2024 йил январь ойида Ленинград қамалининг тугатилганига 80 йил тўлиши муносабати билан Путин Россия “замонавий нацизм” билан “экзистенсиал геосиёсий можаро” ҳолатида эканини билдирган. Унинг айтишича, бу можаро Украина инқирозидан анча кенгроқ. У, шунингдек, Болтиқбўйи давлатларини нацизмда айблаган. Давлат думаси спикери Вячеслав Володин эса “нацист мафкура НАТО раҳбарлари учун нормал ҳолатга айланганини” таъкидлаган.
ISW тахминича, бу нарративлар келажакда рус тилида сўзлашувчи аҳолининг ҳимоясини баҳона қилиб, Россия томонидан Болтиқбўйи давлатлари ёки Финляндияга нисбатан тажовузни оқлаш учун ишлатилиши мумкин.
2024 йил январь ойида Европа Иттифоқи Ташқи ишлар раҳбари Кая Каллас европалик разведка манбаларига таянган ҳолда, Россия 2028 йилга бориб Европа Иттифоқи давлатларидан бирига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. У нафақат мудофаа харажатларини ошириш, балки ҳарбий можарога тайёр туриш муҳимлигини урғулаган.
Февраль ойида Дания ҳарбий разведкаси келгуси беш йил ичида Европада “катта миқёсдаги уруш” бўлиш эҳтимоли юқорилигини маълум қилган.
Март ойида эса Германия Федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Кал Москванинг Ғарб бирдамлигини, хусусан, НАТОнинг 5-моддасига амал қилишга тайёрлигини синовдан ўтказишга интилаётганини билдирган. Бу модда аъзоларга қарши ҳужумни умумий хавф сифатида қабул қилишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Бавария федерал ери соғлиқни сақлаш вазири Юдит Герлах Германия соғлиқни сақлаш тизими уруш шароитида ҳам ҳарбийлар, ҳам фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Герлахнинг сўзларига кўра, Европа Россиядан келаётган ҳарбий таҳдид билан тобора кўпроқ юзма-юз келмоқда. Шу билан бирга, АҚШнинг хавфсизлик битимидан чиқиши эҳтимоли бундай тайёргарлик заруратини янада оширади.
LiveБарчаси