Путин россияликлар Беларусда ушланиши ортидан Хавфсизлик кенгашини чақирди
Олам
−
01 Август 2020
17466Россия Президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан тезкор йиғилиш ўтказди. Унда россияликларнинг Беларусда ҳибсга олиниши муҳокама қилинди. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар қилинди.
“Тез орада бу воқеага аниқлик киритилиши ва асоссиз қўлга олинган Россия фуқаролари озод қилинишига умид билдирилди”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Беларусь пойтахти Минск чеккасидаги сиҳатгоҳда 32 нафар россиялик қўлга олинди. Улар туристларга ўхшамаган ва ҳарбийларга хос тарзда бир хилда кийинган.
Беларусь расмий ОАВнинг хабар беришича, россияликлар сайлов кампанияси вақтида Беларусда вазиятни издан чиқариш учун келишган. Яна бир россиялик Гомель вилоятида ушланган.
Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси раҳбари Валерий Вакульчик қўлга олинганлар “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг жангчилари эканини маълум қилди. Россияликларга нисбатан теракт тайёрлаш моддаси билан жиноят иши очилган.
Минскдаги Россия элчиси Дмитрий Мезенцев ҳодисага изоҳ бериб, россияликлар Беларусь орқали Истанбулга кетаётганини, улар рейсга улгурмаганини маълум қилди. Элчининг сўзларига кўра, улар энергетика инфратузилмасини қўриқлаш учун кетаётган бўлган.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков россияликлар ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини, улар хусусий қўриқлаш компаниясининг ходимлари эканини билдирди.