Путин Раҳмон билан музокара ўтказди
Олам
−
13 Октябрь 2023
4401Бугун, 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Россия Президенти Владимир Путин тожикистонлик мавқедоши Имомали Раҳмон билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳаммаси биз режалаштиргандек кетяпти. Ҳамкасблар ишлаяпти, ҳукуматлар ишлаяпти, хавфсизлик масалалари ҳал қилинмоқда. Биз шунчаки учрашиб, ҳаммаси кўнгилдагидек эканини тасдиқлашимиз керак. Ва яна бир бор сизни туғилган кунингиз билан табрикламоқчиман”, деган Путин суҳбат аввалида.
Ўз навбатида, Имомали Раҳмон Россия Тожикистоннинг муҳим, стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси эканини таъкидлаган.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда ижобий динамикага эга. Россия Тожикистоннинг етакчи савдо шериги бўлиб қолмоқда, маданий алоқалар кенгаймоқда. Ҳозир мен сизлар билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ижтимоий истиқболлари, халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилишга тайёрман”, деган Тожикистон раҳбари.
Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг билдиришича, муҳокама қилинадиган мавзулар кўп.
“Булар турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги вазият билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик, республикадаги 201-ҳарбий базанинг фаолият кўрсатиши масалаларидир”, деган Ушаков.
Эслатиб ўтамиз, Путин кеча, 12 октябрь куни Бишкекка келган эди. У аллақачон Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказган.
LiveБарчаси