Путин октябрь ойида Хитойга боради
Олам
−
26 Июль 2023
3283Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг октябрь ойида Хитойга ташриф буюради. Бу ҳақда Россия раҳбарининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
Қайд этилишича, Путин бу бўйича Хитой томонидан таклиф олган. Унинг ташрифи “Бир макон, бир йўл” форуми бўлиб ўтадиган вақтда амалга оширилиши кутилмоқда.
“Биз таклифнома олганимиз ва “Бир макон, бир йўл” форуми ўтказилганда Хитойга бориш ниятимиз борлиги маълум”, дейди Ушаков журналистларга берган интервьюсида.
Маълумот учун, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси 2013 йилда Си Цзиньпин томонидан таклиф этилган концепция бўлиб, унинг мақсади кўпроқ мамлакатларни қамраб олган халқаро савдо ва сармоявий лойиҳаларни фаоллаштириш ва манфаатдор давлатлар капиталидан фойдаланишдан иборат. Унга 150 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар қўшилган. 2017 йилнинг май ойида Пекинда Россия, Хитой ҳамда Евроосиё, Африка ва Лотин Америкасининг 28 та давлатининг юқори мансабдор шахслари иштирокида биринчи “Бир макон, бир йўл” форуми бўлиб ўтган. Иккинчи форум 2019 йил апрель ойида Хитой пойтахтида ўтказилган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Хитой раҳбари Бангкокда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) иқтисодий етакчиларининг 29-норасмий йиғилишида Хитой 2023 йилда “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумини ўтказиш имкониятини ўрганишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, ХХР раиси Си Цзиньпин жорий йилнинг 20 мартида Россияга борганди. Ташриф давомида Украина уруши масаласи ҳам муҳокама қилинган. Шунингдек, Си ўшанда Путинга ўзи учун қулай вақтда Хитойга ташриф буюришни таклиф қилганди.
“Кеча мен Президент Путинга бу йил ўзи учун қулай вақтда Хитойга ташриф буюришни таклиф қилдим, чунки бу йил Хитой “Бир макон, бир йўл” доирасида учинчи халқаро форумга мезбонлик қилади. Президент Путин аввалги икки форумда иштирок этган”, деган эди Си Цзиньпин Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда.
Шунингдек, Хитой раҳбари яқин алоқаларни ўрнатиш учун Мишустинни ҳам имкон қадар тезроқ Хитойга ташриф буюришини таклиф қилганди. Россия Бош вазири Си Цзиньпиннинг таклифини қабул қилган.