Путин Моди билан қадимий қароргоҳида учрашди (видео)
Олам
−
08 Июль
11964Бугун, 8 июль куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Путин Моди билан Москва яқинидаги Ново-Огарёво қароргоҳида кўришган.
“Биз эртага расмий учрашамиз ва кун тартибида белгиланган масалалар юзасидан суҳбатлашамиз. Лекин ундан олдин норасмий кўришяпмиз. Ҳозир уйда бир пиёла чой устида хотиржам гаплашишимиз мумкин. Суҳбатимиз жараёнида барибир ўша масалалар тилга олиниши табиий. Бироқ буларнинг барчаси норасмий аҳамиятга эга бўлади”, деган Путин Ҳиндистон Бош вазирига.
Моди келишидан олдин Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “муҳим, кенг кўламли ташриф” кутилаётганини маълум қилиб, бунда икки давлат раҳбарлари норасмий муҳитда мулоқот қилишлари мумкинлигини айтганди. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков эса брифингда Кремль “бу ташрифга катта аҳамият беришини” таъкидлаб ўтганди.
“Россияга ташриф Ҳиндистоннинг охирги парламент сайловларидан сўнг, кетма-кет учинчи марта Бош вазир бўлган Моди учун биринчи хорижий сафар бўлади”, деган эди Ушаков.
Маълумот учун, Ҳиндистон Бош вазири Москвадан кейин 9-10 июль кунлари Австрияга ташриф буюради, бу Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг сўнгги 40 йилдаги биринчи ташрифи ва Модининг ўзи учун ҳам биринчи ташриф бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Business Insider” нашри Нарендра Модининг Россияга бориши расмий Вашингтон Президент Владимир Путинни яккалаб қўйишга уринаётган бир пайтда содир бўлаётгани, бу эса Қўшма Штатларнинг ғазаб отига минишига олиб келиши мумкинлигини ёзганди.